Аҳолини ва миллий бойликларни фавқулодда вазиятлар, авариялар, фалокатлар ва табиий офатлардан ҳимоя қилиш Ўзбекистон фавқулодда вазиятлар ходимларининг олдида турган асосий вазифалардир. 

Дунёда ҳеч қайси бир давлат табиий ва техноген кўринишдаги фавқулодда вазиятлар юз беришидан кафолатланмаган. Бундай ҳолларда кўпинча ҳисоб дақиқаларда эмас, сонияларда кетади, чунки фалокатга тушиб қолган одамнинг ҳаёти ва саломатлиги унга ёрдам қанчалик тез келишига боғлиқ бўлади.

Жумладан, Самарқанд шаҳри фавқулодда вазиятлар бошқармасига ҳар куни ёрдам кутаётган ўнлаб одамлар қўнғироғи келиб тушади. Ўзбекистон ФВВ бу аҳолининг ҳаёт фаолияти хавфсизлигини таъминловчи кўп вазифали тизимдир. Хоҳ йўл-транспорт ҳодисаси, хоҳ ёнғин, хоҳ уйда ёлғиз қолган болалар бўлсин, ФВВ ходимлари доимо ёрдам беришга шайлар.

Самарқанд вилояти Булунғур туманининг энг юқори чўққисида март ойида қор кўчкиси оқибатида 100 га яқин автомобиль қор уюми қуршовида қолди. Машиналардаги йўловчилар зудлик билан эвакуация қилинди. ФВБ қутқарув отряди бошқа давлат махсус хизматлари ходимлари билан биргаликда 8 соат давомида йўлни тозалаш ишларини олиб бордилар.

1-сонли туман қозонхонасида иш қидириб юрган ёшларнинг қизиқувчанлиги уларнинг жароҳат олишларига олиб келди. 30 сентябрда Самарқанд вилояти фавқулодда вазиятлар бошқармасига ёрдамга чақираётган одамларнинг овозини эшитган таянч нозири С.Рўзиевнинг қўнғироғи келиб тушди. Йигитлар 1,5 тонналик, баландлиги 6 метр бўлган аккумулятор бакига тушиб кетишган. Қутқарув гуруҳи тезкорлик билан йигитларни ўрадан чиқариб олди. Йигитлардан бири оёқ-қўл ва белидан жиддий жароҳат олган.

Шу куннинг ўзида кучли жалали ёмғир туфайли Самарқанд шаҳри “Хўжа Соат” маҳалласида яшовчи 15 та хонадондаги 50 дан ортиқ одам баландлиги 1 метрлик сув қуршовида қолиб кетди. Одамларни эвакуация қилишга бир неча дақиқа кифоя қилди, бироқ сувни тортиб олиш учун бир кун талаб қилинди.

“Фавқулодда вазиятлар вақтида тўғри стратегияни белгилаб олиш жуда муҳимдир. Қутқарувчилар жабрланганларни қутқариш учун биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш, уларни эвакуация қилиш ва транспортда ташишнинг усуллари ва методларига ўргатиладилар”, деб айтмоқда шаҳар ФВБ қутқарувчилар гуруҳи сардори Мақсуд Мансуров.

Аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилишига қарамасдан, ҳар йили кузги-қишки мавсумда ис гази билан заҳарланиш ва газ-ҳаво аралашмаларининг алангаланиши билан боғлиқ кўплаб бахтсиз ҳодисалар юз беради. Бунга уй-жойларни иссиқлик таъминотига улашда хавфсизлик чоралари ва меъёрларига амал қилмаслик, носоз газ баллонларини ишлатиш, маиший газ асбобларидан фойдаланиш талабларини бузиш сабаб бўлади.

Айни кунда Самарқанд шаҳар фавқулодда вазиятлар бошқармасида 43 нафар қутқарувчи ишлаб, улар ишга киришишдан олдин махсус тайёргарликдан ўтадилар. Бунда катта аҳамият тоғдаги тайёргарликка қаратилади. Бу қутқарувчиларга нафақат тоғ, балки шаҳар шароитларида, жумладан саноат объектлари ва кўп қаватли уйларда ишлай олиш имкониятини беради.