Покистоннинг Наркотикларга қарши кураш бошқармаси ўтган молиявий йил (2014 йилнинг 1 июлидан 2015 йил 30 июнига қадар) давомида умумий қиймати 5,7 трлн рупий ($54 млрд)ни ташкил этувчи 354,54 тонна тақиқланган препаратларни олиб қўйди, дея хабар бермоқда ТАСС.

Бу ҳақда гиёҳванд моддаларга қарши кураш бошқармасининг расмий мурожаатида келтириб ўтилади.
Шунингдек, наркотик моддалар савдосида иштирок этган 42та жиноий гуруҳ фаолияти фош этилиб, 1,6 минг киши ҳибсга олинди. Қўлга олинганларнинг беш нафари ўлим жазосига тортилган бўлса, 65 нафари умрбод қамоққа ҳукм қилинди. Яна 556 нафари турли муддатларда озодликдан маҳрум этилган, қолганлари эса айни пайтда суд ҳукмини кутишмоқда.

Ўтган давр мобайнида наркофурушлардан 14 тонна героин, 164 тонна чарас (нашанинг бир тури), 1,3 тонна морфин, 54 тонна опиум, 30 тонна кокаин, 1,8 тонна амфитамин, 707 кг марихуана олиб қўйилган. Ҳаммаси бўлиб 240 тонна гиёҳванд моддалар ҳамда 105 тонна наркотик воситалар ва психотроп моддалар тайёрлашда ишлатиладиган кимёвий реагентлар мусодара қилинган.

Аввалроқ БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси Покистон билан чегарадош Афғонистонда опиум далалари майдони рекорд даражадаги 209 минг гектарга ортганини маълум қилган эди. Покистон Наркотикларга қарши кураш бошқармасининг қўшимча қилишича, 2013 йилда мазкур мамлакатда опий етиштириш йилига 49 фоиз ортиб, 5,5 минг тоннага етган.