Россиянинг Роскомнадзор ташкилоти баҳорда Роскомнадзор ҳамда Алоқа ва коммуникация вазирлиги томонидан Россиянинг интернетдан узилишини моделлаштириш бўйича ўтказилган тажриба ҳақида ОАВларда пайдо бўлган маълумотни инкор этди.

Бундай тажриба ўтказилгани ҳақидаги хабар ОАВларда “ЭР-Телеком” бош директори ва Медиа-коммуникация иттифоқи вице-президенти Андрей Семериковнинг гапларига иқтибос келтирилган ҳолда чоп этилган эди.

Роскомнадзор матбуот котиби Вадим Ампелонский ўзининг Facebook’даги саҳифасида бу ахборотни “алаҳсираш” деб атади.

“Бу тажриба хусусида гапирадиган бўлсам, мен бировнинг алаҳсираб айтган гапини инкор этмоқчимасман. Мен ким кимни кўпроқ алдаганини билмайман. Мен фақатгина нарсаларни ўз номини билан айтаман. Бу хабар – алаҳсираш”, деб ёзди Ампелонский.

Ампелонскийнинг “РИА Новости” ахборот агентлигига маълум қилишича, “ЭР-Телеком” март ойида ўзининг қурилмаларида маълумотларни узатиш халқаро магистраль канали М9 ни тўсишни тақлид қилувчи ҳаракатларни амалга оширган.

“Бундан мақсад Пермь ўлкаси оператори мижозлари учун интернетга уланиш бўйича кўрсатиладиган хизматларнинг бақарорлигини баҳолашдан иборат эди”, деб айтилмоқда Роскомнадзорда.

“Роскомнадзорнинг бунга ҳеч қандай алоқаси ва ҳаттоки натижалардан хабари ҳам йўқ. Роскомнадзорда трафикни чуқур таҳлил қилиш қурилмасининг борлиги ҳақидаги ахборотга келадиган бўлсак, бундай қурилма йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас, чунки бу қонунга хилофдир”, деб қўшимча қилди Ампелонский.