Германиянинг Берлин шаҳрида шахматнинг блиц йўналиши бўйича жаҳон чемпионати ўтказилди.

Швейцарча тизимда ва 21та турдан иборат ушбу мусобақа якунида россиялик гроссмейстер Александр Гришук ғолибликни қўлга киритди. У 15,5 очко тўплашга муваффақ бўлди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Бу билан Гришук блиц йўналишда уч карра жаҳон чемпионига айланди.

Эътиборга молик жиҳати шундаки, Александр Гришук жаҳон чемпионати доирасида уч бор мағлубиятга учради. Унинг мағлубияти ўйинларидан бири 17-жаҳон чемпиони Рустам Қосимжонов билан баҳсда қайд этилди.

Шунингдек, у арманистонлик Тигран Петросян ва озарбайжонлик Теймур Ражабов ҳам бўлажак жаҳон чемпионини таслим этишганди.

Франциялик Максим Вашье-Лаграв ва россиялик Владимир Крамник 15тадан очко жамғариб, кучли учликдан жой олишди. Рустам Қосимжонов эса 13,5 очко билан қўшимча кўрсаткичларга кўра 10-поғонадан жой олди. У жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида 14-ўринни эгаллаганди.

Эслатиб ўтамиз, жаҳон чемпионатининг рапид йўналишида 158, блицда эса 188 нафар шахматчи иштирок этди. Жаҳон чемпионатининг умумий мукофот жамғармаси 200 минг АҚШ долларидан иборат бўлиб, мос равишда ҳар икки йўналишда ғолиб чиққан норвегиялик Магнус Карлсен ва россиялик Александр Гришук 40 минг доллардан мукофот пулига эга бўлишди.