Токио овқатланиш шинавандалари учун энг яхши шаҳар деб топилди

Жамият 15 Октябрь 2015 1657

Британиянинг The Telegraph нашри оқатланиш шинавандалиги (гастрономик) саёҳати учун энг яхши шаҳарлар рўйхатини чоп этди. Бу рўйхатнинг 1-ўрини Токиога насиб этди. Ҳаммаси бўлиб рўйхатдан Европа, Америка ва Осиёнинг 16 шаҳри ўрин олди.

Мутахассисларнинг фикрича, Япония Мишлен юлдузларига эга бўлган энг кўп сондаги ресторанларга эгалиги билан мақтана олади, унинг пойтахти Токио эса бу нуфузли мукофот билан тақдирланган овқатланиш муассасалари сони бўйича етакчи ҳисобланади. Сайёҳлар бу ерда нафақат анъанавий суши, балки тофу, чўчқа гўштидан тайёрланган котлетлар, турли масаллиқлар аралашмасидан тайёрланган ва юпқа қилиб кесилган қуритилган тунец билан қопланган қовурилган нондан ҳам тотиб кўришлари мумкин. Бундан ташқари, Токио ҳар қандай дид ва  чўнтак учун – осмонўпар бинолардаги манзарали кўринишлар очиладиган ресторанлардан тортиб маҳаллий ошхона намуналарини таклиф қиладиган кичик пабларгача таклиф қилади.  

Бу борада 2-ўринни Вьетнам пойтахти Ханой эгаллади. Бу ерда сайёҳлар кўчанинг ўзида кўз ўнгларида тайёрланган нордон-ширин шўрвали лапша, чўчқа гўшти ва балиқ соусига буюртма беришлари мумкин.

Лондон ошпазлик рўйхатидан 3-ўринни эгаллади, бу ерда кўп миқдорда ресторан, бар ва паблар фаолият юритади. Эътиборлиси,  5 юлдузли Langham меҳмонхонасида жойлашган Artesian бари 4 марта кетма-кет World's 50 Best Bars рейтингининг энг юқори поғонасига лойиқ деб топилди. Бу бар, шунингдек, Европанинг энг яхши бари деб ҳисобланади.

Бундан ташқари, ушбу рўйхатдан Нью-Йорк (АҚШ), Болонья (Италия), Янги Орлеан (АҚШ), Лима (Перу), Фес (Марокаш), Жайпур (Ҳиндистон)  ва бошқа шаҳарлар ҳам ўрин олди.

Маълумот учун, Мишленнинг қизил гиди (Michelin, Le Guide Rouge) ресторанларнинг рейтингини белгилайдиган энг нуфузли рейтинг ҳисобланади ва уч юлдузли баҳолаш тизимига эга. Битта юлдуз ресторан ўз тоифасида жуда яхши эканлигини, иккита юлдуз эса “аъло даражадаги тамаддихона, бу ерда овқатланиш учун сайёҳлик йўналишидан чекиниш қилса бўлади” ва ниҳоят, учта юлдуз бош ошпазнинг аъло даражадаги маҳорати ва бу ерда тамадди қилиш учун бу ерга атайлаб саёҳат уюштириш мазмунга эгалигидан дарак беради. 

Кўпроқ янгиликлар