Ўзбекистон Касаба уюшмалари федерацияси раҳбарияти Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) делегацияси билан учрашувда муносиб меҳнат шароитлари ва Ўзбекистоннинг ХМТ ҳамда Жаҳон банки билан келгусидаги ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилди.

ХМТ делегацияси таркибида Халқаро меҳнат бюроси Бош директорининг махсус маслаҳатчиси Кари Тапиола, болалар меҳнати бўйича етакчи эксперт Снежана Бедалли, Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастурини амалга ошириш лойиҳасининг техник маслаҳатчиси Харри Талига, техник масалалар бўйича бош маслаҳатчи Стивен МакКлеллэнд ва лойиҳа мутахассиси Анастасия Дубова учрашувда иштирок этди.

Қайд этиш жоизки, Ўзбекистонда 2014-2016 йилларда Муносиб меҳнат бўйича мамлакат дастури 2014 йилнинг апрелида имзоланган эди. Мазкур дастур учта стратегик йўналишни ўз ичига олади, жумладан, мажбурий ва болалар меҳнати бўйича конвенцияни жорий этиш юзасидан ҳаракат режасини ўз ичига олган иштимоий шерикчиликни мустаҳкамлаш;

фуқаролар, хусусан ёшлар учун муносиб меҳнат шароитларини кенгайтириш; меҳнат муҳофазасини бошқаришнинг самарали тизимини ишлаб чиқиш, аҳолининг ижтимоий ҳимоясини кучайтириш.