Россия Федерацияси тергов қўмитасининг Хабаровск ўлкаси бўйича бўлими 14 октябрга ўтар кечаси Хабаровск шаҳридаги болалар боғчаси ҳудудига кириб қолган айиқ боласининг ОМОН мергани томонидан отиб ўлдирилиши ҳолатининг қонуний асослари бўйича текширув ўтказади.

Қўмита вакилининг айтишича, жониворни зарарсизлантириш учун ўқотар қуролдан фойдаланишга зарурат бўлмаган бўлиши мумкин.

"Текширув ўтказилади. Жониворга нисбатан ўқотар қуролдан фойдаланиш заруратлари аниқланиши керак. Текширув натижасида процессуал қарор қабул қилинади", дейилади ТАСС нашри қўмита вакилининг сўзларидан иқтибос келтирган хабарда.

Эслатиб ўтамиз, 2015 йилнинг 14 октябрь кунига ўтар кечаси бир ёшли айиқ Россиянинг Хабаровск шаҳридаги савдо марказларидан бирининг кириш эшигини боши билан бузиб ичкарига кирган. Кўп ўтмасдан у одамлардан қочиб, болалар боғчаси ҳудудига яширинган.

Айиқни ушлаш жараёни бир ярим соат вақтни олган. Йиртқични тутиш жараёнида етти нафардан ортиқ йўл-патруль хизмати экипажи қатнашган. Айиқ болалар боғчаси ҳудудига қувиб кирилиб, отиб ташланган.

Бу ҳолат жониворларни ҳимоя қилувчи фаолларнинг норозиликларига сабаб бўлмоқда.

"Ёш айиқ одамлардан қўрқиб қочиб юрган. У ҳеч кимга ҳужум қилмаган, уни эса зарурат бўлмаган ҳолатда отиб ўлдиришди", дейди журналистларга "Зоозащита ДВ" вакили Наталью Коваленко.

Унинг айтишича, айиқни инсонийлик нуқтаи назарида бошқа воситалар, масалан ухлатувчи ўқ ёки мутахассислар орқали тутиш мумкин эди.