Япония жануби-ғарбидаги Кагосима префектурасида "Сэндай" АЭСнинг яна бир реактори ишга туширилди. Бу ҳақда Kyushu Electric Power (KEPCO) компанияси хабар қилди.
“Реактордан электр энергияси олиниши 21 октябрдан бошланади. Шундан сўнг биз унинг иш қувватини босқичма-босқич ошириб борамиз.

Сўнгра бир қатор текширувлар ўтказилиб, тўлақонли иш фаолиятига ўтиш ноябрь ойи ўрталарида амалга оширилиши керак”, - дея қайд этилди Kyushu Electric Power хабарида.
14 октябрь куни станцияда иккинчи реакторни ишга туширишга тайёргарлик ишлари ўтказилиб, сўнгги бор текшириш ишлари ўтказилди. Компания маълумотига кўра, ҳеч қандай носозликлар аниқланмаган.

"Сэндай" икки йил ичида Японияда 2011 йилнинг март ойида "Фукусима-1"даги авариядан сўнг барча атом объектлари ўчирилишидан кейин фаолиятини қисман қайта бошлаган иккинчи АЭС ҳисобланади. Станциянинг биринчи энергоблоки 11 август куни иш бошлаган эди. Ҳар икки блокнинг қуввати 890 МВт ни ташкил этади.