“Эйр Астана” авиакомпанияси Каспий денгизи атрофидаги вазият туфайли Олма-Ота-Боку-Олма-Ота рейсининг йўналишини ўзгартиришга мажбур бўлди. Бу ҳақда компания матбуот хизмати вакили “Остона” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Шунингдек, яқин бир неча кун ичида Олма-Ота-Тбилиси ва Олма-Ота-Истанбул рейсларининг йўналишлари ўзгартирилиши айтилди. Самолётлар Каспий устидан ўтмайди, янги йўналишга кўра, улар денгизни айланиб ўтади.
Айни пайтда “Эйр Астана” Россиянинг унинг ҳудудидан рейсларни ўтказишга рухсат кутмоқда. Парвоз муддати ва кетадиган ёқилғи ҳажми янги йўналишда кўпайишига қарамай, чипталар нархлари ўзгармайди.

Яқинда Европа авиахавфсизлик агентлиги Каспий денгизида Россия кемаларининг ракета учириши туфайли сув ҳавзаси устидан ўтадиган рейслар йўналишини ўзгартиришни тавсия қилган эди. Қозоғистон авиакомпанияси шу тавсия асосида ўзгаришларни амалга оширди.