Башоратхон Юсуфий исмли афғонистонлик талаба Олма-отада 13 октябрда трамвай иштирокида юз берган йўл-транспорт ҳодисасида трамвай йўловчиларини қутқариб қолди. Бу ҳақда талаба таҳсил оладиган Асфандиёров номидаги Қозоқ миллий университети матбуот хизмати Tengrinews.kz нашрига хабар берди.

13 октябрда кечки пайт 6-йўналиш бўйича қатновчи трамвай чорраҳада 11 та автомобиль билан тўқнашиб кетган. У издан чиқиб кетиб, яна 3 автомобилни уриб юборган.
Трамвай йўловчиларининг айтишича, 45-50 ёшлар атрофидаги трамвай ҳайдовчиси трамвай ўчиб қолгани туфайли уни тўғирлаш мақсадида уни тарк этган. Ҳайдовчи ташқарида туриб аёл йўловчилардан бирига “тормоз” тугмасини босишни илтимос қилган. Бироқ йўловчи тормоз ўрнига “газ” тугмасини босиб юборган ва бунинг оқибатида трамвай жойидан қўзғалиб кетиб, ўз йўлидаги машиналарни уриб кетган.

Трамвай ҳаракатланаётган пайтда изидан чиқиб кетган, ёшроқ йўловчилар трамвайдан сакраб туша бошлаганлар, бироқ ёши катталар, аёл ва болалар трамвай ичида қолганлар.
Трамвай салонида кетаётган афғонистонлик йигит бошқариб бўлмай қолган трамвайни тўхтатишга муваффақ бўлди. Йигит эшиги ёпилиб қолган ҳайдовчи ўрнига югуриб бориб, ойнани синдириб, стоп-кран дастагини тортиб, трамвайни тўхтатган.

Университетда талабанинг кўрсатган жасоратидан миннатдор трамвай йўловчиларидан билишди. Йигитнинг ўзи бу ҳақида ҳеч кимга ҳеч нарса демаган. Университет ректори Айкан Аканов университет илмий кенгашида Башоратни “Университет фахрлари” галереясига киритишни тавсия қилишини айтди.

Акановнинг айтишича, Башорат Қозоғистон гранти бўйича тиббиёт соҳаси бўйича таҳсил олаётган 200 нафар афғон талабасидан бири бўлиб, аълочи талабалардан бири ва волейбол бўйича университет лигаси иштирокчиси ҳисобланади.