Америкалик дипломатлар пахта теримларида ўзларини ўзбекистонлик деб таништиришди

Жамият 16 Октябрь 2015 19984

АҚШнинг Тошкентдаги элчихонаси ходимлари Қашқадарё вилоятидаги пахта далаларига йўл олиб, у ерда ўзларини Ўзбекистон ТИВ ходимлари ва ОАВ вакиллари деб таништиришди. Бу ҳақда маҳаллий матбуотда хабар қилинмоқда.

Айтилишича, улар шу йўл билан пахта теримчиларига “бегона” эмасликларини кўрсатиб, “ўзимизникилар” сифатида пахта теримига болалар мажбуран жалб қилинмоқдами, йўқми, аниқлашмоқчи бўлишган.
Бундан ташқари, улар пахта териш жараёнининг ташкилий томонига дахлдор бошқа масалаларда ҳам саволлар билан мурожаат қилишган.
Кейинроқ улар аслида америкаликлар эканлиги аниқланган. Улар бу ерга “кутилмаган” текширув ўтказиш учун ташриф буюрганлари айтилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Халқаро меҳнат ташкилотининг 13 конвенциясига аъзо бўлиб, улар орасида мажбурий меҳнат тўғрисидаги 105-рақамлиси ҳам бор. Мамлакатда болаларнинг мажбурий меҳнатига йўл қўйилмаслигини текшириш учун пахта мавсумида бу ерда ХМТнинг расмий вакиллари таклиф қилинади. Шунингдек, бу борада бошқа чора-тадбирлар ҳам кўрилмоқда.

Кўпроқ янгиликлар