Англия футбол федерацияси УЕФА президенти Мишель Платинини ФИФА президентлиги учун номзод сифатида тарғиб қилиш ва уни бу жараёнда қўллаб-қувватлашни тўхтатишга қарор қилди.

Бунга Платини ФИФА тизимидаги порахўрлик билан боғлиқ можароларга алоқадорликда гумон қилиниб, 90 кунга футболдан четлаштирилгани сабаб бўлди.

Маълум қилинишича, бу қарор текширувлар ўтказилганидан кейин қабул қилинди.

15 октябрь куни УЕФА ФИФАдан бу айблов бўйича якуний қарорни ноябрь ойи бошлангунича маълум қилишни сўради.

Эслатиб ўтамиз, 25 сентябрь куни Швейцарияда ФИФА президенти Йозеф Блаттерга нисбатан жиноий иш қўзғатилган эди. Мазкур иш жараёнида Блаттер Платини ҳисобига икки миллион Швейцария франки ўтказиб бергани аниқланган.

Шундан сўнг, 8 октябрь куни ФИФА ахлоқ қўмитаси УЕФА президенти ва ФИФА вице-президенти Мишель Платини , шунингдек ФИФА Бош котиби Жером Валькени ўз лавозимидан вақтинчалик четлатди.

Маълум қилинишича, Платини ФИФАдан 1998-2002 йиллар давомидаги фаолияти учун 1,05 млн франк пул олган.

Рейтер нашрида ёзилишича, Блаттер бу пуллар "жентлменларча келишув" асосида берилгани ҳақида айтган.

Швейцария қонунчилиги бўйича, ходим ўзи ишдан кетган жойдан 5 йил муддат ўтгач, маош олиш ҳуқуқига эга бўлмайди.

Ғарб журналистлари 2011 йилда ФИФА президентлиги учун сайловда Платини Блаттернинг рақиби бўлгани, лекин сайлов арафасида ўз номзодини қайтариб олганидан ҳам шубҳаланишмоқда.