Аргентина Футбол федерацияси миллий терма жамоанинг асосий ҳужумчиси Лионель Мессининг 14 ноябрь куни ЖЧ-2018 саралаши доирасида Бразилия терма жамоасига қарши ўтказиладиган ўйингача жароҳатларидан тўлиқ тузалишини истамоқда.

El Mundo Deportivo нашрининг хабарига кўра, аргентиналиклар 28 ёшли футболчининг жароҳатларидан даволаниш жараёнини тезлаштирмоқчи.

Ўз навбатида ҳужумчининг жамоаси "Барселона" бунга қарши чиқмоқда. Каталонияликлар Мессининг жароҳатидан тўлиқ фориғ бўлмасдан туриб, Бразилияга қарши ўйинда майдонга тушиши ва бу ўйинда жароҳатини янгилаб олишидан хавотир олишмоқда.

Бундан аввалроқ, Бразилия терма жамоаси аъзоси ва Мессининг "Барселона"даги жамоадоши Дани Алвес футболчининг ўз терма жамоасига қарши ўйинда иштирок этмаслигини хоҳлашини айтганди.

Ундан олдинроқ эса, Месси 21 ноябрь куни "Реал" ва "Барселона" ўртасидаги "эл класико" баҳсигача сафга қайтиши мумкинлиги ҳақида хабар берилганди.

Шунингдек, Cadena Ser нашри Лионель Мессининг тиззасидаги жароҳат тузалиб бораётгани ва у 14 ноябрь куни Аргентина ва Бразилия ўртасидаги ўйингача сафга қайта олиши мумкинлиги ҳақида ёзган.