Левада-центр ўтказган сўровнома натижаларига кўра, россияликларнинг 70 фоизи АҚШга салбий муносабатда бўлишига қарамай, уларнинг катта қисми шу давлатга кўчиб ўтишни хоҳлайди. Бу ҳақда Bloomberg агентлиги хабар бермоқда.
АҚШ Давлат департаменти маълумотларига қараганда, жорий йилда Россиядан 265 минг киши Грин-карта учун мурожаатнома йўллаган.

Россияга йилига 4 минг карта ажратилади.
Ўтган йили россиялик 245 минг киши АҚШда вақтинчалик яшаш ва ишлаш ҳуқуқини берадиган визаларга эга бўлган. 10 йил муқаддам бу рақам 2 баробар кичикроқ эди.
Шунингдек, 3 622 россиялик доимий яшашга рухсатнома олган. Улардан 56 нафари АҚШ иқтисодиётига 500 минг доллардан ортиқ инвестиция киритишга тайёрлиги боис бундай ҳуқуқни қўлга киритди.

“Мен суҳбатлашган инсонлар бир неча йил муқаддам Москвадан кўнгиллари тўқ эди, энди эса улар кетишга тайёргарлик кўрмоқда”, - деди Нью-Йоркда ишловчи иммиграцион адвокат Марина Фуксман.
“Бой россияликлар АҚШга ўз пулларини сақлаб қолиш, турмуш ўртоқлари ва болаларини жойлаштириш учун қулай жой деб санамоқда. Камбағалроқ одамлар эса шунчаки бу ерда кўпроқ пул ишлаш илинжида”, - қўшимча қилди юрист.