Австриялик даҳо, буюк бастакор Вольфганг Амадей Моцартнинг дўстига ёзган бир саҳифалик мактуби унинг ихлосманди томонидан 217 минг долларга сотиб олинди. Ушбу мактуб АҚШнинг Бостон шаҳридаги RR Auction аукцион уйида сотувга қўйилди, деб хабар бермоқда Associated Press ахборот агентлиги.

Немис тилида ёзилган мактуб австриялик ботаник Николаус Жакенга йўлланган. Моцарт мактубда яқин дўстидан унга учта партитурасини: фортепиано учун 1-сонли соль минор квартети (K. 478),  фортепиано, скрипка ва виолончель учун соль мажор триоси (K. 496) ва скрипка учун 33-рақамли сонатани (K. 481) қайтариб беришни сўрайди.

Мутахассисларнинг фикрича, мактуб 1786 йилнинг июль-августига мансубдир. Мактубни сотиб олган коллекционернинг шахси ошкор қилинмади.