Тошкентдаги Республика олимпия захиралари теннис мактаби кортларида якунига етиб бораётган “Челленжер” туркумига кирувчи, мукофот жамғармаси 125 минг доллардан иборат бўлган турнирнинг асосий тўр баҳслари ўзининг ҳал қилувчи палласига кирди.

Мусобақада биринчи рақам остида таснифланган Денис Истомин жуфтлик баҳсида ярим финал чиптасини қўлга киритгани ҳақида хабар берилган эди.

Беларуслик Александр Бурий билан жуфтлик ҳосил қилган Истомин финал остонасида германиялик Андре Бегеманн ҳамда асли россиялик, айни пайтда Янги Зеландия шарафини ҳимоя қилаётган Артем Ситакга 4:6, 2:6 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйди.

Таъкидлаш жоиз, Истомин кечанинг ўзида учта учрашувда кортга чиқди. Ёмғир сабаб ўйинлар бир кун кейинга кечиктирилганди.

Денис Истомин кеча яккаликда иккинчи давра ҳамда чорак финал учрашувларида иштирок этди ва ҳар иккисида рақибларини уч сет натижасига кўра мағлубиятга учратди.