Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон экстремистик гуруҳларнинг сонининг ортаётганлиги муносабати билан ўз хавотирини билдирди. Бу ҳақда у МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини кенгашининг Қозоғистонда ўтказилган навбатдаги йиғилишидаги чиқишида гапирди.

У МДҲ етакчиларини замонавий таҳдидларга қарши қатъий чоралар кўришга чақирди. Иқтисодий инқироз ҳамда дунёнинг кўп қисмларида сиёсий беқарорлик ҳукм сураётган бир пайтда МДҲ давлатлари бирлашиб ҳаракат қилиши лозимлиги таъкидланди.
Шунингдек, у экстремистик гуруҳлар сонининг ошиши, террорчилар сафига ёшларнинг қўшилаётгани, ИШИДнинг фаоллашаётгани муносабати билан хавотир билдириб, МДҲни бунга қарши чоралар кўришга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 октябрь куни Қозоғистоннинг Бўрабай қишлоғида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.