Исроилнинг Haaretz агентлиги 16 октябрь кунига ўтар кечаси фаластинликлар Иордан дарёсининг ғарбий қирғоғида жойлашган Наблус шаҳри яқинидаги Юсуф пайғамбарга тегишли дея ҳисобланувчи қабрни Молотов коктейли ёрдамида ёқиб юборди, дея хабар тарқатди.

Юзлаб намойишчилар Балат фаластинлик қочқинлар лагери яқинида полиция кучлари билан тўқнаш келган пайтда содир бўлган ҳодиса сабабли яҳудийлар учун муқаддас саналувчи мазкур ёдгорликка қисман шикаст етди. Воқеа жойига Фаластин полицияси етиб келиб, қабр атрофини ўраб олди, акция иштирокчилари эса уларга қарата тош ва ёнувчан модда солинган шишаларни улоқтира бошлади. Уларнинг бир нечтаси эса муқаддас ҳисобланувчи мақбара ҳудудига тушган, дея ойдинлик киритди Epoch Times.

Ёнғин натижасида ҳеч ким жабрланмади. Ўт ўчириш ходимлари зудлик билан ёнғинни бартараф этишди. Фаластин ҳукумати бу ишни вандализм деб баҳолаб, айбдорларни жазолаш ва ёдгорликни қайта тиклашга ваъда берди.