Россия ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари пойтахт шифохоналарининг бирида Москва марказида йўл транспорт ҳодисасини уюштирганликда гумон қилинган шахсни аниқлашди, дея хабар бермоқда РИА “Новости”.

Москва полицияси матбуот хизматининг раҳбари Андрей Галиакберов сўзларига кўра, Ferrari`ни бошқариб кетаётган 17 ёшли ҳайдовчининг ҳайдовчилик гувоҳномасига эга эмаслиги ва автомобиль ҳам унга тегишли бўлмагани ойдинлашди.

“Ёниб кетган автомобиль эгаси юридик шахс бўлиб, у автомобиллар олди-соттиси билан шуғулланувчи компанияга тегишли экани аниқланди. Маълум бўлишича, 17 ёшли Москва фуқароси автомобиль бошқариш ҳуқуқига эга бўлмаган. Қандай қилиб йигитчанинг тезюрар автомобиль рулига ўтиргани полиция ходимлари томонидан аниқлаштирилади”, - деди Галиакберов.

Аввалроқ полиция Москва марказида йўл-транспорт ҳодисасини уюштирган Ferrari суперкари ҳайдовчисини қидираётгани хабар қилинган эди. Суперкар ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва икки автомобиль билан тўқнашган. Шундан сўнг Ferrari`да ёнғин келиб чиққан, ҳайдовчи эса бошқа машина йўловчиси сифатида воқеа жойидан қочиб кетган.