Ҳиндистоннинг Харьяна штати раҳбари Манохар Лал Кхаттар ҳудудда истиқомат қилувчи мусулмонларни мол гўшти истеъмол қилмасликка чақирди. Бу ҳақда Reuters ахборот агентлиги хабар тарқатмоқда.

Лал Кхаттарнинг сўзларига кўра, мамлакатда ҳукмрон бўлган «Бхаратия Жаната партия» мансуб бўлган ҳиндистонлик мусулмонлар индусларни ҳақорат қилмаслиги ва жамиятда ижтимоий ихтилофлар келиб чиқмаслиги учун сигир гўштини ейишни бас қилишлари керак.

«Улар мол гўштини емай қўйишса, мусулмон бўлмай қолмайдику, тўғрими? Ҳеч қаерда ислом динига мансуб бўлганлар мол гўштини истеъмол қилиши керак деб кўрсатилмаган. Бу шунингдек, насронийларга ҳам тегишли», дея таъкидлаб ўтган мансабдор шахс.

Бу билан Харяна штати раҳбари жорий йилнинг 30 сентябрь куни ҳиндулар томонидан мол гўшти истеъмол қилган учун ўлдирилган темирчи-мусулмон Муҳаммад Акхлак воқеаси ва ундан кейин келиб чиққан жанжалга ўз муносабатини билдирган, деб ёзилади хабарда.

Лал Кхаттарнинг қайд этишича, у қотилликни маъқулламайди, бироқ марҳумнинг муқаддас ҳайвонга нисбатан шундай муносабатда бўлиши натижасида мана шу кўнгилсизликлар келиб чиққан деб ҳисоблайди.

Эслатиб ўтамиз, 30 сентябрда бир гуруҳ ҳиндулар мол гўшти истеъмол қилган темирчини калтаклаб ўлдириб қўйишган, шундан кейин ҳудуддаги мусулмонлар ва ҳиндулар ўртасида каттагина тўқнашув юзага келганди. Тўқнашув полиция томонидан бостирилган. Унинг натижасида 30 нафар фуқаро ҳибсга олинганди.