The Intercept нашри АҚШ томонидан Афғонистон ва Яманда учувчисиз бошқариладиган учиш аппаратлари қўлланилиши ҳақидаги кўплаб махфий ҳужжатларин ошкор қилди. The Wired нашрининг ёзишича, бу маълумотлар “Иккинчи Эдвард Сноуден” деб аталган номаълум информант томонидан тақдим этилган.

Ҳужжатлардан маълум бўлишича, МРБ ва АҚШ махсус операциялар қўшма қўмондонлиги дронлар ёрдамида 5 ой мобайнида йўқ қилинган объектларнинг 90 фоизини нишон сифатида кўзланган мақсадлар бўлмаган деб баҳолаган.

Шунингдек, ҳужжатларда АҚШ раҳбарияти дронларни қўллаш ҳақидаги қарорни қандай қабул қилиши, нишонлар қандай танланиши ҳақида маълумотлар келтирилган.

“Террорчиликда айбланаётган шахслар рўйхатининг ўсиши, одамларни таъқиб қилиш, уларни рўйхатга киритиш, уларга рақамлар ва “бейсбол карталари”нинг берилиши, уларнинг бутун дунё бўйлаб жанг майдонларида огоҳлантиришсиз ўлим жазосига ҳукм қилиниши – буларнинг бари аввал бошидан нотўғри эди. Биз бунинг бўлишига йўл қўйиб бердик”, - деди номи тилга олинмаган манба.