Жанубий Корея ва АҚШ биргаликда Шимолий Кореяни ядровий режалардан воз кечиб, ислоҳотлар ва очиқ-ойдинлик йўлидан боришига кўндириши керак. Бу ҳақда 15 октябрда АҚШга ташриф билан келган Жанубий Корея президенти Пак Кин Хе айтиб ўтди.

“Жанубий Корея-АҚШ альянси Пхеньянга ядровий дастуридан воз кечиш, изоляциядан чиқиш ва ислоҳотлар бошлашга ёрдам берувчи кучларга бошчилик қилиши керак”, деб айтди Пак Кин Хе Вашингтондаги Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказидаги нутқи давомида. Жанубий Корея президенти ёзда халқаро воситачилик ёрдамида ядровий келишувни тузган Эронни ижобий мисол сифатида келтириб ўтди. Пак Кин Хе Шимолий Кореяни ислоҳотлар ўтказишда Вьетнам ва Мьянма йўлидан боришга чақирди.

Пак Кин Хе Корея яриморолидаги вазият ҳақида гапира туриб, бу минтақа “Шимолий Корея томонидан иғволар уюштирилиши мумкинлиги туфайли иккиланиш ҳолатида турибди”, деб таъкидлаб ўтди ва бу иғволар сифатида янги қитъалараро баллистик ракета учирилиши ёки ядровий синовлар ўтказилиши мумкинлигини келтириб ўтди.