Кувайт футбол ассоциацияси ФИФА дисквалификациясига учради

Спорт 16 Октябрь 2015 3582

Халқаро футбол федерацияси (ФИФА) Кувайт ҳукуматининг ташкилот ишларига аралашуви туфайли ушбу мамлакат футбол ассоциациясини дисквалификацияга дучор қилди.

"Ассоциация ва клублар ўз фаолиятини мустақил равишда йўлга қўйган заҳоти дисквалификация бекор қилинади", — дейилади ФИФА баёнотида.

Ушбу дисквалификация туфайли Кувайт миллий терма жамоалари ва мамлакат клублари ФИФА ва ОФК (Осиё футбол конфедерацияси) ҳомийлиги остида ўтказилаётган турнирларда иштирок эта олмайди.

Чунончи, ОФК кубогида Душанбенинг "Истиқлол" клубини ўз майдонида 4:0 ҳисобида мағлубиятга учратган "Кувайт" СК клуби дисквалификация туфайли турнирдаги иштирокини якунлади ва "Истиқлол" жавоб учрашуви ўтказмасдан финалга йўл олди. Дарвоқе, финал Душанбе шаҳрида бўлиб ўтади ва "Истиқлол"да "Насаф"нинг натижасини такрорлаш учун жуда яхши имконият бор.

Кувайт миллий терма жамоаси эса ЖЧ-2018 ва ОК-2019 иккинчи саралаш босқичида "G" гуруҳида Жанубий Кореядан кейин иккинчи поғонада бораётган ва учинчи саралаш босқичига чиқиш учун яхши имконият ҳосил қилган эди. Энди иккинчи йўлланма учун гуруҳдаги Ливан, Лаос ва Мьянма терма жамоалари курашади.

Кўпроқ янгиликлар