XVI асрда Қаршида бунёд этилган кўприк Марказий Осиёдаги энг қадимги кўприклардан бири ҳисобланади. Ўрта асрларда вазият ўта кескин бўлгани учун кўприклар мутаҳкам бўлиши учун уларни ғиштдан бунёд этишган.
Бу ҳақда “Ўзбектуризм” Миллий компаниясининг Қашқадарё вилояти вакили Ўктам Хўжаёров маълум қилади.

Унинг сўзларига кўра, шу даврда Қаршида бир неча тарихий обидалар, Кўкгумбаз жомеъ масжиди қурилган. Уларнинг бир қанчаси ҳозирга қадар сақланиб турибди.

“Дарё устида қад ростлаган ушбу ғишт кўприк кенг ва тор аркаларни бирлаштириб турувчи 12 меҳробдан иборат. Бу ўз навбатида анчайин мураккаб муҳандислик ишидир: кўприкнинг узунлиги 122 метр, эни 8,2 метр, йўл юзасидан дарё томон баландлиги 5,35 метр. Ҳар икки томондан цилиндр шаклидаги, диаметри тўрт метрдан иборат миноралар қад ростлаган. Уларнинг қуйи қисми тўғри геометрик шаклдаги тош плиталар, юқори қисми эса пишиқ ғиштдан қурилган”, деди Хўжаёров.

Яна унинг таъкидлашича, эски кўприк йўлларни боғлаб турувчи чорраҳа вазифасини ҳам ўтаган.