Фаластинлик ҳуқуқшунослар уюштирган намойиш иштирокчиларидан бири намойишчиларга нисбатан кўздан ёш оқизувчи газ қўллангач, хавфдан оёқларини юқори кўтариб қочишга тушади ва бу лаҳза тасвирга тушади.

BuzzFeed нашрида ёзилишича, 12 октябрь куни Қуддусдаги воқеалар муносабати билан бўлиб ўтган бу намойишдаги шу ҳолат тасвири интернетга жойлаштирилгач, фойдаланувчилар орасида қизғин муҳокамаларни келтириб чиқарди.

Бу сурат Twitter, Tumblr ва Reddit`да янгича кўринишларда тарқалди. Интернет фойдаланувчилари Photoshop орқали фотожаблар сериясини ҳосил қилишган.
Интернет фойдаланувчилари ушбу араб суратини гулхан ичида гавдалантиришган, уни ҳинд фильми қаҳрамонига айлантиришган ҳамда бу адвокатни Барак Обама билан боулинг ўйнаётган ҳолатда тасвирлашган.

Октябрь ойида Қуддусда араблар ва исроилликлар ўртасида зиддиятлар кучайди. Ойнинг биринчи ҳафтасида араблар томонидан амалга оширилган ҳужумларни бартараф этиш чоғида 25 нафар фаластинлик отиб ўлдирилган. Уларнинг ҳужумлари туфайли ҳалок бўлган исроилликлар вакиллари сони 5 нафарни ташкил қилмоқда.

Ундан олдинроқ, Исроил полицияси фаластинликларнинг қадим шаҳар Қуддусдаги Ал-Ақса масжидига киришини чеклаб қўйганди. Ўтган ҳафта охирида ўша ҳудудда юзага келган тўқнашувлар натижасида икки нафар исроиллик фуқаро фаластинликлар томонидан пичоқлаб кетилганди. Айнан мана шу сабаб Эски шаҳар фаластинликлар учун ёпиб қўйилганди.

Охирги хабарларда Исроилдаги миллатлараро низолар қурбонлари сони 39 кишини ташкил этаётгани хабар қилинганди.