Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Европага юз минглаб ададда келаётган қочқинлар орасида кечаги террорчилар ҳам яширинган бўлиши мумкинлигидан огоҳлантирди. Бу ҳақда у МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилишидаги чиқишида баёнот берди.

“Бўлаётган воқеалар бизнинг ташкилотимиздан тегишли ривожланишни, янги шароитларга мослашишни талаб қилмай қолмайди. МДҲ ҳам тадрижий ривожланиши, янги реалияларга мослашиши, глобал таҳдидларга жавоб бера олиши керак”, - деди у.
Хусусан, у халқаро хавфсизлик масалалари, жумладан, террорчилик ва миграцион инқирозни эсга олди.

“Миграцион инқирозни ҳал қилишга улкан молиявий имкониятларни жалб қилиш талаб этилади”, - таъкидлади Назарбоев.
Бундан ташқари, у муҳожирлар ичида террорчилар яширинган бўлиши мумкинлигини таъкидлади. Шунингдек, у Афғонистондаги вазият мураккаблашиб бораётганини ва бу бутун минтақага таҳдид солаётганини таъкидлаб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 октябрь куни Қозоғистоннинг Бўрабай қишлоғида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.