Қозоғистон президенти Нурсултон Назарбоев Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши йиғилишини очиши пайтида бўлиб ўтган музокараларнинг сермаҳсуллиги ва имзоланган ҳужжатларнинг амалий жиҳатдан муҳимлигини таъкидлаб ўтди, деб хабар бермоқда Оқўрда матбуот хизмати. 

Тадбирда Арманистон президенти Серж Саргсян, Беларусь президенти Александр Лукашенко, Қирғизистон президенти Алмазбек Атамбаев, Россия президенти Владимир Путин иштирок этди.

Тадбир давомида томонлар қилинган ишларга якун ясашди ва Евроосиё иқтисодий иттифоқи ривожланишининг янги истиқболларини белгилаб олишди. Иттифоқнинг фаолияти масалалари муҳокама қилинди, жумладан Евроосиё иқтисодий комиссияси ҳайъати миқдорий таркиби тасдиқланди, унинг иши тартиб-қоидаларига ўзгартиришлар киритилди, кейинги йил учун Евроосиё иқтисодий комиссияси раҳбари номзоди келишиб олинди. Шунингдек, ЕОИИга янги аъзолар қабул қилиниши ва унда аъзоликнинг тугатилиши тартиби қабул қилинди.

ЕОИИга аъзо давлатлар раҳбарлари учинчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар билан ҳамкорлик қилиш тартибини муҳокама қилдилар. Шунингдек, Исроил билан эркин савдо ҳудуди ҳақида келишувни тузиш бўйича музокараларни бошлашга қарор қилинди.

Қозоғистон президенти ташаббуси билан Қозоғистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига кириши билан боғлиқ асосий жиҳатлар кўриб чиқилди.

Тадбир якунида иштирокчилар ўтказилган ишларнинг самарадор бўлганини таъкидлаб ўтишди.

Кенгашнинг кейинги йиғилиши Москвада жорий йилнинг декабрида бўлиб ўтади.