2015 йилнинг 16 октябрь кунида Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ўртасида турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш, миллий иммунитетни шакллантириш мақсадида тарғибот тадбири ўтказилди.

Унда университет ректори Ш.Қаюмов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи С.Шерхонов, рус православ черкови семинарияси ўқитувчиси О.Шковородюк, Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи М.Комилов, университет проректорлари, бўлим бошлиқлари, жамоат ташкилотлари раҳбарлари, факультет деканлари, профессор-ўқитувчилар ва 200 нафар талаба иштирок этди.

Тадбирнинг кун тартибидан Олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ва талаба-ёшлари ўртасида турли ёт ғоялар ва таҳдидларга қарши курашиш, миллий иммунитетни шакллантириш мақсади ўрин олди.

Тадбирни проректор А.Нурматов очиб берди ва сўзни университет ректори Ш.Қаюмовга берди. Ш.Қаюмов ўз нутқида ҳозирда Яқин Шарқ мамлакатларида содир бўлаётган нотинчликлар ва бу ҳодисалардан огоҳ бўлиш, хусусан бутун дунёни ларзага солаётган ИШИД террорчилар тўдаси ҳақида қисқача маълумот берди.

Шундан сўнг тадбирда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи М.Комиловга сўз навбати берилди.

М.Комилов ўз нутқида бугунги тинч ва хотиржам ҳаётимиз, халқимизнинг эртанги кунга ишонч билан яшаётгани, юртимизнинг дунё сиёсати ва иқтисодиётида мустаҳкам ўринга эга бўлиб бораётгани мамлакатимизда Президент Ислом Каримов томонидан олиб борилаётган оқилона сиёсатнинг натижаси эканлигини таъкидлади. Айнан ана шу тинчликни қадрига етишда, яратилаётган имкониятлардан унумли фойдаланишда ҳар бир фуқаро, айниқса ёшлар фаол бўлиши кераклигини айтиб ўтди.

“Бугунги ўта таҳликали, уруш оловлари авж олиб бораётган Яқин Шарқ мамлакатлари, жумладан Сурия ва Ироқ каби араб давлатларида ўзининг тажовузкор ва вайронкор ҳаракатлари билан мисли кўрилмаган хунрезликларни амалга ошираётган ИШИД – "Ироқ ва Шом ислом давлати" террорчилик ташкилоти бугун дунё афкор оммаси учун энг даҳшатли хавфдир. Мазкур террорчилик ташкилоти вакиллари ислом дини ниқоби остида амалга ошираётган қўпорувчилик ҳаракатлари, суиқасд ва қотилликлари на инсонга, на исломга хос”, деди М.Комилов.

Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита бўлим бошлиғи С.Шерхонов сўзга чиқди ва ўзининг "Диний экстремизм – ёшлар келажагига таҳдид” номли маърузаси орқали бугунги кунда дунёни хавотирга солаётган ИШИД террорчилар тўдаси ва улар томонидан уюштирилаётган тажовузкор ҳаракатлар ҳақида батафсил маълумот берди.

“Минг афсуски, бу қабиҳ тўда орасида ўзбекистонликлар ҳам мавжуд. Шунинг учун ёшларни бундай разиллар фитнасига учиб қолмаслик мақсадида уларга бу ҳақда кенг қамровли тушунчалар бериб боришимиз керак” деди С.Шерхонов.

Тадбир давомида сўзга чиққан Рус православ черкови семинарияси ўқитувчиси О.Шковородюк бугунги таҳликали замонда ёшларда бўлаётган барча салбий жараёнларга, чақирувларга нисбатан иммунитетни шакллантириш лозимлигини таъкидлади. Қачонки, ҳар бир ёшда ёмон иллатларга нисбатан иммунитет мавжуд экан бундай ёшларни оғдириб бўлмаслигини айтиб ўтди.

“Дарҳақиқат, бугунги глобаллашув ва тараққиёт асри ҳар кимдан кучли билим ва тафаккур эгаси бўлишни, замонавий ахборот технологияларидан унумли ва мақсадли фойдаланишни, содир бўлаётган воқеа-ҳодисаларга нисбатан мустаҳкам фуқаролик позицияси билан ёндашишни талаб этади. Зеро, бефарқлик ва билимсизлик ҳар қандай инсон келажагини юқорида айтиб ўтилган хавф-хатарлардан асраб қололмайди”, деди Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги Маънавий-ахлоқий тарбия бошқармаси бошлиғи М.Комилов.

Савол-жавоб тарзида ўтказилган тадбир давомида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита томонидан тавсия этилган “21-аср фитнаси” номли видеофильм намойиш этилди.