Россия ҳарбийлари Сурияда ўтказилаётган ҳарбий операция чоғида диққатга сазовор натижаларни қўлга киритишди. Бу ҳақда Россия президенти Владимир Путин МДҲга аъзо давлатлар раҳбарларини кенгашининг Қозоғистонда ўтказилган навбатдаги йиғилишидаги чиқишида гапирди.

“Россиянинг Суриядаги ҳарбий операцияси халқаро қонунчиликка мутлақо мос келади ҳамда президент Асаднинг илтимосига кўра бошланган, - деди у. – Ҳаво ва денгиздан амалга оширилган ҳаракатлар сурияликлар билан келишилган нишонларга, фақатгина террорчи гуруҳларнинг объектларига қарши қаратилган бўлиб, бунда бизнинг ҳарбий хизматчиларимиз диққатга сазовор натижаларга эришишди. Ўнлаб бошқарув пунктлари, қароргоҳлар ва қурол-яроғ омборхоналари, юзлаб террорчи ва кўп миқдордаги ҳарбий техника йўқ қилинди”.

Эслатиб ўтамиз, бугун, 16 октябрь куни Қозоғистоннинг Бўрабай қишлоғида МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.