Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон шарафини ҳимоя қилган 9 нафар спортчидан 6 нафари совриндорлар сафидан ўрин эгаллади

Бу чемпионатда 10та медаллар шодаси ўйналди. Ўзбекистон терма жамоаси медаллар сифатига кўра еттинчи бўлди. Биринчи ўринни 4та олтин, 2та кумуш ва битта бронза олган Куба терма жамоаси эгаллади. Иккинчи ўринда — Россия (2-1- 1), учинчи ўринда — Озарбайжон (1-1-2), тўртинчи ўринда – Ирландия (1-1-1), бешинчи ва олтинчи ўринларда – Франция ҳамда Марокаш терма жамоалари жойлашди (1-0-0).

Медалларни қўлга киритиш борасида ўзбекистонликлар Куба терма жамоасидан кейин иккинчи бўлишди. 1993 йилдан буён жаҳон чемпионатларида мустақил жамоа сифатида иштирок этиб келаётган бокс бўйича Ўзбекистон терма жамоаси бир чемпионатда 6та медалга сазовор бўлмаганди.

Бундан ташқари мазкур мусобақада ҳозирча уч нафар чарм қўлқоп усталаримиз 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳри (Бразилия)да ўтказиладиган XXXI ёзги Олимпиада ўйинларига лицензияни қўлга киритдилар. Бугун яна бир йўлланма учун Элнур Абдураимов (-60 кг) рингга кўтарилади (ушбу жанг Тошкент вақти билан 21:00да бошланади).

Бевосита жаҳон чемпионати совриндорларига тўхталадиган бўлсак, финалга қадар кечган жангларни мағлубиятсиз ўтказган Муроджон Аҳмадалиев (-56 кг), Фазлиддин Ғоипназаров (-64 кг) ва Бектемир Мелиқўзиев (-75 кг) жаҳон чемпионатининг кумуш медаллари билан тақдирландилар.

Терма жамоамиз ҳисобига бронза медалларини Элнур Абдураимов (-60 кг), Элшод Расулов (-81 кг) ва Баҳодир Жалолов (+91 кг) келтирдилар.

Шу ўринда таъкидлаш жоизки, Элшод Расуловдан ташқари қолган беш нафар спортчимиз Жаҳон чемпионатида илк бор совриндорлар сафидан ўрин эгаллашди.

Ўзбекистон вакиллари жаҳон чемпионати давомида Куба, Россия, Италия, Қозоғистон, Таиланд, Ҳиндистон, Туркия, Грузия, Франция, Ирландия, Жазоир, Янги Зеландия, Мўғулистон, Венесуэла ва Иордания каби 15 давлат вакилларини мағлуб этишга муваффақ бўлишди.

Хусусан, Таиланднинг уч нафар, Қозоғистон, Италия, Жазоир ва Янги Зеландия терма жамоаларининг икки нафардан, Куба, Россия, Ирландия, Мўғулистон, Туркия, Венесуэла, Ҳиндистон, Франция, Иордания ва Грузия терма жамоаларининг бир нафардан спортчисини мағлуб этишди.

Ўзбекистон терма жамоаси 18 октябрь куни Тошкент вақти билан соат 01:30да Ватанимизга қайтиб келади.

Маълумот учун, бокс бўйича 2017 йилги жаҳон чемпионати Германиянинг Гамбург шаҳрида ўтказилади.