Сурияда Россия авиациясининг қарийб 670 та парвози натижасида ИШИД жангариларига тегишли 456 та объект йўқ қилинди, деб маълум қилди Россия Қуролли кучлари бош штаби бош тезкор бошқармаси бошлиғи, генерал-полковник Андрей Картаполов. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги хабар бермоқда.

Картаполовнинг айтишича, Сурияда 30 сентябрдан Россия ҳарбий-коинот кучлари қўллана бошлангандан бери жами 669 та жанговор парвоз амалга оширилган, улардан 115 таси тунги пайтга тўғри келган. Жангариларнинг энг муҳим объектларини йўқ қилиш учун Каспий денгизидаги кемалардан “Калибр” русумидаги қанотли ракеталар отилган.

Россия Қуролли кучлари Бош штабининг баҳолашича, авиазарбалар натижасида жангариларнинг инфратузилмасини сезиларли равишда издан чиқаришга эришилган.