“Совуқ уруш” замонларида Собиқ иттифоқнинг махсус хизматлари АҚШлик дипломатлар ортидан IBM Selectric босма машинкаларида терилган матн ҳақида маълумот йиғувчи, оддий кўзга кўринмайдиган “жучок” орқали кузатганлар. Бу қурилма, эҳтимол, тарихдаги биринчи кейлоггер (компьютер клавиатурасида киритилаётган ахборотни кузатувчи дастур, қурилма) сифатида эътироф этилмоқда. Бу ҳақда Ars Technica нашри хабар бермоқда.

Совет махсус хизматларининг бундай пойлаш усули ҳақида 2012 йилда АҚШ Миллий хавфсизлик агентлиги (МХА) маълумот берган, бироқ ОАВлар бунга унча эътибор беришмаган. Жорий йилнинг 12 октябрида бу воқеани шифрлаш ва хавфсизлик бўйича мутахассис Брюс Шнайер яна бир бор эслаб ўтди.

1976-1984 йиллар давомида жучоклар АҚШнинг Москвадаги элчихонаси ва Ленинграддаги консуллигида ишлатилган IBM Selectric босма машинкаларига ўрнатилган. Ҳаммаси бўлиб бундай жучок билан “қуролланган” 16 та машинка аниқланган. Бу машинкаларда бундай қурилмаларнинг бир неча авлоди қўлланган.

Жучокнинг ишлаш принципи босма машинкасининг ёзувчи каллагининг ҳаракатланишига асосланган бўлиб, матнни теришда бу каллак клавиатурадаги ҳар бир белгини (ҳарф, рақам, тиниш белгиларини) киритиш учун фақатгина бу белгига хос бўлган маълум йўналишда айланиши керак бўлган. Кейлоггер каретка (босма машинканинг силжима қисми) ҳаракатидан тарқаётган магнит энергияни ушлаб, уни рақамли сигналга айлантирган.

Ҳар бир олинган сигнал жучокда тўрт битли белги кўринишида сақланган. Қурилма бундай 8 та символни сақлашга имкон берган. Саккизта символ олингач, қурилма уни радиочастоталар орқали яқин орада жойлашган тинглаш станциясига жўнатган.

МХА мутахассисларининг айтишича, жучок ўз замони учун “жуда маҳорат билан” ишланган бўлган: мисол учун, унда бир бит хотира бўлган ва ўша замонлардаги бирорта ҳам қурилма бундай хотирага эга бўлмаган. Қурилма ташқаридан сезилмаган, шовқинсиз ишлаган, машина қисмларга ажратилганда эса гўёки унинг бутловчи қисмидек кўринган.

Жучокни аниқлаш ҳаттоки америкалик махсус хизматлар учун осон иш бўлмаган. Уни рентген нурланиш ёруғлигида кўриш мумкин бўлган, бироқ у юксак радиофонга эга бўлмаган, чунки кўпинча АҚШ телевидениеси ишлатадиган частоталарда ишлаган. Бундан ташқари, жучокнинг илгарилаб кетган версияларини радиосигнал бўйича кузатиш учун бир вақтда машинканинг ўзи ёқиқ, кейлоггер фаол ҳамда жосуслик қурилмаларини таҳлил қилувчи қурилма керакли частотага созланган бўлиши керак бўлган. Махсус ўргатилган совет техниги бундай жучокни машинкага ярим соатда ўрната олган.

Бироқ жучокнинг ўзига яраша камчиликлари ҳам бўлган. Мисол учун, у фақатгина ҳарф-рақамларни кузата олган, пробел, абзац, “орқага юриш” (backspace) ва дефис тугмаларини ёза олмаган, чунки бунда ёзувчи каллак ҳаракат қилмаган. Қурилманинг дастлабки версиялари бир нечта батареядан доимий ток билан қувватланган, кейинроқ яратилган версиялари эса босма машинканинг бевосита қувватланиш тармоғига улана олган.
Ars Technica’нинг маълумотларига кўра, жучоклар 8 йил давомида пайқалмай келинган, бу ҳақда америкаликлар АҚШга иттифоқдош давлатлардан бирининг берган хабари эвазига хабар топганлар: ушбу давлат махсус хизматлари ўзининг элчихоналаридан бирида шундай кузатув олиб борилганини билиб қолишган.