Охирги йил ичида Хитойда доллар миллиардерлари сони 242 нафарга кўпайди – энди бу давлатда 1 млрд доллардан кўпроқ маблағга эга бўлган 596 нафар одам яшамоқда. Хитой ушбу кўрсаткич эвазига биринчи марта АҚШдан ўтиб кетди. Ҳозирда АҚШ да 537 нафар миллиардер яшамоқда. Бу ҳақда Хитойнинг Hurun тадқиқот институти ўтказган рейтингида айтилмоқда.

Шу билан бирга контитентал Хитой ҳамда Гонконг, Тайвань ва Макаони ўз ичига олувчи Катта Хитойда миллиардерлар сони 715 кишини ташкил қилди. Hurun ҳар йили миллиардерларга тегишли активлар рейтингини 14 август кунидаги акциялар нархларидан келиб чиқиб тузади. Бироқ 14 августдан кейин Хитойнинг энг катта савдо майдончаси бўлган Шанхай фонд биржасида Shanghai Composite индекси 16 фоизга арзонлашди.

Hurun маълумотларига кўра, айни пайтда Хитойнинг энг бадавлат одами Dalian Wanda Group девелоперлик гуруҳи эгаси Ван Цзяньлинь ҳисобланади. Унинг давлати бир йил ичида 52 фоизга ўсди ва 34,4 млрд долларни ташкил қилди. У бунга асосан ўзига тегишли кинотеатрлар тармоғи акцияларининг 10 баробар ошиши ҳисобига эришди.

Ўтган йили рейтингга бошчилик қилган, Alibaba интернет-гиганти асосчиси Жек Ма бу йили 2-ўринни эгаллади. Унинг бойлиги 22,7 млрд долларга баҳоланди. Манинг бойлиги бир йил ичида Нью-Йорк биржасида Alibaba акциялари арзонлашиши оқибатида 2,2 фоизга камайди.

Ван, шунингдек, 32,7 млрд долларга эга гонконглик миллиардер Ли Кашиндан ҳам ўтиб кетди. Кашин CK Hutchison Holdings компанияси, контейнер терминаллари ва атир-упа-косметика дўконларига эгалик қилади. Ли Кашин гонконглик бўлгани учун бу рўйхатга расман киритилмади.

Ван ва Мадан кейин рейтингнинг етакчи бешталигига Wahaha ичимликлари ишлаб чиқарувчи корпорация бошлиғи Цзун Цинхоу (21,1 млрд доллар), Tencent Inc. интернет-компанияси асосчиси Ма Хуа Тэн (18,8 млрд доллар), “хитойлик Стив Жобс” деб эътироф этиладиган, Xiaomi смартфон ишлаб чиқарувчи компанияси асосчиси Лэй Цзюнь (14,4 млрд доллар) кирди.

Хитой иқтисодиётининг сустлашишига қарамасдан Hurun тузган рейтингга 2 млрд юандан (315 млн доллар) кўпроқ маблағга эга бўлган 1877 нафар бадавлат хитойликлар киритилди. Ўтган йили бундай бойвачча хитойликлар сони 1271 нафарни ташкил қилган эди ва бу институт олиб бораётган 17 йиллик тадқиқотлар ичида энг катта ўсиш бўлди. Яъни бу йилги рўйхатга 680 нафар янги исм киритилди.

Рейтинг иштирокчиларига тегишли умумий бойлик 2,1 трлн долларни, яъни Ҳиндистон ёки Россиянинг ялпи ички маҳсулоти ҳажмидан кўпроқни ташкил қилди. Бу бадавлат хитойликлар 10 млн хитойликни, яъни давлат ишчи ресурсининг 1 фоизини иш билан таъминламоқда. Ўтган йили тадбиркорларга тегишли компаниялар Хитой бюджетига тушадиган жами солиқнинг 5 фоизини, яъни 100 млрд доллар миқдорида солиқ тўлашган.