АҚШ Эрон баллистик ракета учиргани боис унга нисбатан зарурий чоралар кўриш керак деб ҳисобламоқда ва яқин орада бу масалани БМТ Хавфсизлик кенгашида кўтармоқчи. Бу ҳақда РИА “Новости” ахборот агентлиги АҚШ Давлат департаменти расмий вакили Марк Тонерга иқтибос келтирган ҳолда хабар бермоқда.

“Яқин кунларда биз тегишли жавоб берилишини талаб қилган ҳолда БМТ Хавфсизлик кенгашида бу масалани кўтарамиз. Мен зудлик билан чоралар кўрамиз деб айта олмайман, биз шубҳасиз бунга ҳақлимиз, бироқ бу масалани дастлаб БМТ Хавфсизлик кенгашида кўтаришимиз керак”, деб айтди Тонер.

Аввалроқ Эрон мудофаа вазири генерал Ҳусайн Деҳқон Эрон узоқ радиусдаги таъсирга эга янги баллистик ракетани муваффақиятли синовдан ўтказганини эълон қилганди.

АҚШ Эрон томонидан баллистик ракетанинг синовдан ўтказилиши БМТ резолюциясини бузишини айтди.

БМТ Хавфсизлик кенгашининг 1929 резолюцияси Эрон баллистик ракеталар билан боғлиқ исталган тадбирларда иштирок эта олмаслигини назарда тутади.