16 октябрь куни Англиянинг Манчестер шаҳрида таэквондо ВТФ бўйича йилнинг нуфузли турнирларидан бири – Манчестер Гран-Приси бошланди. Мусобақанинг илк куни +87 кг вазн тоифасида ғолиб ва совриндорлар аниқланди.

Амалдаги жаҳон чемпиони Дмитрий Шокин барча рақибларини мағлубиятга учратиб, Гран-При ғолибига айланди. У финалга қадар кореялик Жу Хо Чолни 16:4, эронлик Морадини 10:5 ҳисобида мағлуб этди. Ярим финалда яна бир эронлик спортчидан устун келди. Бу ҳақда "Оламспорт.сом" хабар берган.

Хабарда айтилишича, ҳал қилувчи финал беллашувида Шокин кубалик рақибини олтин очко эвазига таслим этиб, Гран-При ғолибига айланган. Ушбу муҳим ғалаба Дмитрий Шокинга 40 рейтинг очкоси ҳамда 5000 АҚШ долларини тақдим этди.

Шунингдек, эндиликда Шокин рейтингда биринчи ўринга кўтарилиб олди. Шу пайтгача рейтингда пешқадамлик қилиб келган Жасур Бойқўзиев эса аксинча иккинчи ўринга пастлади. Бойқўзиев Манчестер Гран-Присининг иккинчи даврасида беларуслик спортчига 5:6 ҳисобида ютқазиб қўйди.

Бугунги баҳсларда Ўзбекистон терма жамоасининг яна икки вакили ака-ука Максим ва Никита Рафалович даянга чиқишади.

Эслатиб ўтамиз, мусобақада олтин медал соҳиби 40 рейтинг очкосига, кумуш медал совриндори 30, учинчи ўринни эгаллаган спортчилар эса 20 рейтинг очкосига эга бўлишади.

Маълумот учун, Жаҳон Гран-Приси тўртта йирик мусобақадан иборат бўлиб, биринчи турнир Москва шаҳрида, иккинчи мусобақа Туркиянинг Самсун шаҳрида ўтказилди. Жаҳон Гран-Присининг якуний финал мусобақаси декабрда Мексикада бўлиб ўтади.