Рекламачилар Молдова ва Швеция ҳукуматининг моддий кўмагида фермерлар иштирокидаги роликни яратишди. Ушбу клипда Россияга хориж мева-сабзавот маҳсулотларининг импорт қилиниши билан боғлиқ масала сатирик тарзда кўрсатилган.

Клипда иштирок этган фермерлар Queen гуруҳининг машҳур Show Must Go On қўшиғини “куйлаганлар”. Фермерлар роликда қўшиқ ижро этаркан, кадрда Россияда импорт мева-сабзавотнинг йўқ қилиниши акс эттирилади. Титрларда “Молдова мевалари. Меҳр билан етиштирилган. Ширин” деб ёзилади.

Ролик YouTube’га Atelierul Sergiu Prodan реклама агентлиги томонидан юкланди. Реклама буюртмачиси сифатида MAC-P 2012-2017 йилларда қишлоқ хўжалигини ривожлантириш лойиҳаси кўрсатилган. Ташаббускор гуруҳ сифатида эса CAPMU – Жаҳон банки, Глобал экологик фонд, Швеция ва Молдова ҳукуматлари томонидан тузилган ташкилот кўрсатилган.