Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов 2015 йил 15-16 октябрь кунлари Қозоғистон Республикасида бўлди ва Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этди. Саммитнинг асосий тадбирлари 16 октябрь куни бўлиб ўтди. 

МДҲ давлат раҳбарлари Ҳамдўстлик доирасидаги ҳамкорликнинг истиқболли йўналишларини муҳокама этиб, долзарб минтақавий ва халқаро муаммолар бўйича фикр алмашдилар.

Учрашувда хавфсизликни таъминлаш соҳасидаги ҳамкорлик масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов мажлисда яқин ва узоқ мамлакатларда вазият кескинлашиб, шиддат билан ўзгариб бораётгани инобатга олинадиган бўлса, МДҲ давлат раҳбарларининг мазкур учрашуви ўз вақтида ўтказилганини таъкидлади.

Айниқса, радикализм, терроризм, экстремизм ва наркотрафик хавфи ортиб, низо ва қарама-қаршиликлар кескинлашиб бораётгани катта хавотир уйғотмоқда. Глобал молиявий-иқтисодий инқироз ҳамон давом этаётгани ва Ҳамдўстлик давлатларидаги ижтимоий-иқтисодий аҳвол ҳам ташвиш уйғотмасдан қолмайди.

Давлатимиз раҳбари бугунги ғоят мураккаб вазиятда ҳар қандай учрашув ва фикр алмашиш, юзага келаётган таҳликали вазиятдан чиқиш йўлини биргаликда излаш фақат фойдали бўлишини алоҳида қайд этди.

Ислом Каримов саммитнинг аҳамияти ҳақида гапирар экан, МДҲ бу борада муҳим ўрин тутаётганини таъкидлади. Мазкур учрашув ҳаётнинг ўзи талаб қилаётган зарурат бўлиб, умумий тараққиётимиз истиқболи учун алоҳида аҳамиятга эга.

– Ҳамдўстлик – бу давлатларнинг бевосита мулоқот қилиши, фикр алмашиши, долзарб масалаларни муҳокама этиши, ўзаро манфаатлар ва яратилган мустаҳкам ҳуқуқий база, ўзаро ҳамкорлик бўйича ишлаб чиқилган восита ва механизмлар ҳисобга олинган ҳолда, иштирокчи давлатлар ўртасидаги баҳс ва мунозараларни ҳал этиш учун кенг имконият берадиган тузилмадир. МДҲ савдо-иқтисодий ҳамкорлик соҳасидаги мавжуд салоҳиятдан самарали фойдаланиш, экстремистик фаолиятнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш, энг муҳими, Ҳамдўстлик ҳудудида фуқароларнинг ўзаро мулоқот қилиши, долзарб масалаларни ҳал қилиш бўйича ўзаро мақбул тадбирлар ишлаб чиқиш ҳамда мувофиқлаштирилган амалий чоралар кўриш учун муҳим майдон вазифасини ўтамоқда, – деди Ислом Каримов.