Петербургда тожикистонлик аёлдан тортиб олинган гўдак оламдан ўтди. Бу ҳақда AsiaPlus нашри ёзмоқда.

Маълум қилинишича, 13 октябрь куни Санкт-Петербургда Тожикистон фуқаролари Назаров Далер ва Юнусова Зариналар миграцион қонунчиликни бузганликда айбланиб қўлга олинган. Юнусованинг қўлида шу йилнинг 20 майида туғилган боласи Назаров Умарали ҳам бўлган. Муҳожирлар тегишли ҳужжатлаштиришсиз вақтинчалик камерага жойлаштирилган. Доимий парваришга муҳтож гўдак эса онасидан ажратилган.

Шу куннинг ўзида гумондорлар суд участкасига олиб борилган. Беш соат давом этган жараёнда уларни мамлакатдан чиқариб юбориш ҳақидаги қарор қабул қилинган. Шундан сўнг аёл боласини олиш учун полиция участкасига борган, лекин у ернинг ходимлари аёлга бола сақланаётган манзилни айтишмаган. Шундан сўнг Юнусова уйига қайтган. Эртасига, 14 октябрь куни, унга қўнғироқ қилиб, боласи оламдан ўтгани хабар қилинган.
Бу воқеа муносабати билан Тожикистоннинг Россиядаги элчихонаси ҳукуматга расмий йўллаб, унда воқеани жиддий ўрганишни сўради, деб хабар беради дипкорпус расмий вакили Муҳаммад Эгамзод.