Ироқ АҚШни бир четга суриб, Россия билан келишувга борди ҳамда у билан коалицияда ИШИДга қарши курашишни бошлаб юборди. Ироқликлар кўп бора оммавий тарзда Россиянинг минтақага киришини ижобий баҳоладилар. 16 ойдан буён ИШИДга қарши курашда ҳеч қандай натижага эриша олмаётган Ироқ армияси Россия самолётларидан фойдаланган ҳолда бир қанча ютуқларни қўлга киритди.

“АҚШ ва унинг иттифоқчилари ҳеч нарса қилмади. Мана энди ИШИДга қарши ҳақиқий коалиция тузилади”, - деди ироқлик ҳарбийлардан бири The Economist нашрига берган интервьюсида.

Ўтган ой охирида Ироқнинг Россия билан разведка маълумотларини алмашиш ҳақида шартноманинг имзолаши, нашр колумнистининг фикрича, АҚШ учун навбатдаги йўқотиш бўлди. Орадан бир неча кун ўтиб, Бағдоднинг АҚШ элчихонаси жойлашган “яшил зона”сида Эрон ва Сурия иштирокидаги штаб ташкил этилди.

“Америка уруш унга келтирган юзлаб миллиард доллар харажат ва минглаб қурбонлардан сўнг Россия совуқ урушдан буён биринчи марта кутилмаган тарзда Ироқдаги таъсирини қайта тиклаши мумкинлигини қўрқинч билан англамоқда”, - деб таъкидлайди журналист.
Ироқ бош вазири ал-Абадий, ўзи заиф позицияда турганига қарамай, Россияга қисман ён босиш йўли билан АҚШнинг таъсирин кучсизлантирмоқчи. Ахир 2007 йилдан буён АҚШнинг “ал-Қоида” ва ИШИДга қарши курашда кўрсатаётган ёрдами 80 фоизга қисқариб кетди.

“Биз халқаро коалиция кўп самолёт йўллаб, қўшинларимизни ҳаводан қўллайди деб ўйлагандик. Лекин бундай бўлмади”, - деб тан олди у бир интервьюсида.

Йўқотилган позицияларини тиклаш илинижида АҚШ яна Ироқда минглаб одамларни тайёрламоқда. У Теҳрон бошчилик қилаётган шиа фронтига терс ўлароқ сунний жабҳасини яратишга интилмоқда. Шу боис суннийларнинг бир қисми ҳам кўча акцияларида, ҳам парламент ичида Россиянинг минтақага келишини кескин танқид остига олмоқда.

“Бизга АҚШ бомбаларини қайтаринг, Россияники керак эмас!”, - сингари шиорлар илгари сурилмоқда.

Колумнистнинг хулосасига кўра, бугунги кунда гап биринчи навбатда Ироқ учун кураш ҳақида кетмоқда. Асосий ҳарбий ҳаракатлар Сурияда давом этаётганига қарамай, АҚШ Ироқдаги таъсирини Россия фойдасига бой бериш арафасида турибди.