Шаҳрисабзлик безори бир кечада 3 кишини пичоқлади

Жамият 18 Октябрь 2015 5257

Шаҳрисабз шаҳрида истиқомат қилувчи, муқаддам қасддан одам ўлдиришда айбланиб қамалиб чиққан Суҳроб Бобоқулов бир кечада 3 кишини пичоқлади. “Ҳуқуқ” газетасининг ёзишича, жабрланувчиларнинг барчаси тирик қолган.
Айтилишича, шу йилнинг 9 июль куни у дўстлари Адҳам, Алишер, Шокир ва Жўрабеклар билан Танхоз дарёсига чўмилишга борган. Уларнинг яқинида чўмилаётган Шавкат ва Бекзод исмли дўстлар улар билан талашиб қолган. Анча вақт давом этган жанжал оқибатида Суҳроб қўлидаги шишани синдириб, Шавкатнинг бўйнига санчган. Унинг дўстлари эса Шавкатнинг машинасини тошбўрон қила кетган. Безорилар қўлидан бир амаллаб қутулган Шавкат ва Бекзод вақтида шифохонага етиб боргани туфайли жабрланувчининг ҳаёти сақлаб қолинган.
Воқеа жойини тарк этган безорилар 9 июлдан 10 июлга ўтар кечаси шаҳар кўчаларида Отабек ва Ўсар исмли йигитлар билан жанжаллашиб қолган. Суҳроб уларнинг ҳар иккаласини пичоқлаган.
Бу қилмишлари учун жиноятчи 10 йилга озодликдан маҳрум қилинди. Унинг шериклари ҳам турли муддатларга қамалди.

Кўпроқ янгиликлар