Тошкентда Марказий ва Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳнинг йиғилиши бўлиб ўтди. Тадбир ташкилотчилари табиатни муҳофаза қилиш қўмитаси ҳамда иқтисодий ҳамкорлик ва ривожланиш ташкилоти бўлди.
Тадбирда “яшил” инвестицияларни молиялаштириш ва кредитлашни ривожлантириш, экологик хавфсизлик талабларига жавоб берадиган маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кучайтириш учун бозорда зарурий шарт-шароитларни яратиш, сув таъминотининг барқарор тизимларини ишлаб чиқиш сингари масалалар кун тартибида бўлди.
Марказий ва Шарқий Европа, Кавказ ва Марказий Осиё мамлакатлари учун атроф муҳитни муҳофаза қилиш ҳаракат дастурини амалга ошириш бўйича махсус ишчи гуруҳ 1993 йили ташкил топган. Ўзбекистон унинг ишида фаол қатнашиб, “яшил” сиёсат тажрибасини ўрганиб келмоқда.
“Правда Востока” нашрининг хабар қилишича, йиғин иштирокчилари Орол муаммоси бўйича ҳамкорликни ривожлантириш борасида ўз таклифларини берганлар.