Яман ҳукумати хусийчилар ва мамлакатнинг собиқ президенти Али Абдуллоҳ Салоҳ билан музокаралар ўтказишга рози бўлди, деб хабар бермоқда Reuters ахборот агентлиги. 

Бу ҳақда ҳукумат матбуот котиби маълум қилди.

“Музокараларда иштирок этиш ҳақида қарор қабул қилинди ва тегишли хат БМТ бош котибига юборилади”, деб айтди матбуот котиби.

Қайд этилишича, музокаралар айнан БМТ вакиллари томонидан ташкил этилади.

Аввалроқ Яманнинг Адан шаҳрига Саудия Арабистони бошчилигидаги коалиция кучларига ёрдам бергани суданлик ҳарбийлар батьалони етиб келгани маълум қилинганди.

Ямандаги қуролли тўқнашувнинг бир томонида “Ансор Аллоҳ” шиалар ҳаракатидан исёнчи хусийчилар ва собиқ президент Салоҳга мойил бўлган армиянинг бир қисми, бошқа томонда Саудия Арабистони бошчилигидаги араб коалиция кучлари қўллаб-қувватлаётган, мамлакатдан чиқиб кетган Абд Раббо Мансур Ҳодийнинг қўшинлари иштирок этмоқда.

Охирги маълумотларга кўра, тўқнашувлар қурбонлари 5 мингдан ошиб кетган.