Аввалроқ маълум қилингандек, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигида вазир Абдулазиз Комилов ва Европа ташқи фаолият хизмати (ЕТФХ) бош котиби Ален Ле Руа ўртасида учрашув бўлиб ўтди.

Учрашув якунларига кўра иштирокчилар Ўзбекистон ва Европа Иттифоқи ўртасидаги ҳамкорликнинг истиқболлари борасида ўзларининг фикрлари билан ўртоқлашдилар.

“Биз бу учрашувдан жуда хурсандмиз. Мен Ўзбекистонга Европа Иттифоқининг Марказий Осиё, жумладан Ўзбекистонга қизиқиши катталигини кўрсатиш ниятида ЕТФХ бош котиби сифатида келдим.
Мен бугун Ўзбекистон ташқи ишлар вазири билан учрашдим. Биз муносабатларни бойитиш ва ривожлантиришни режалаштирмоқдамиз. Биз Ўзбекистон билан иқтисодиёт, сиёсат соҳаси ҳамда минтақавий хавфсизликни таъминлаш масалалари бўйича суҳбат олиб боришга тайёрмиз”, деб айтди Ален Ле Руа.

“Ушбу ташриф Европа Иттифоқи ва Ўзбекистон ўртасидаги муносабатларнинг босқичма-босқич ривожланаётганидан дарак беради. Ташриф кун тартибидаги икки ва кўп томонлама бир қатор масалалар бўйича ҳамкорлигимизни чуқурлаштириш ва кенгайтиришга янги имкониятлар очади”, деб айтди ЕИнинг Ўзбекистондаги делегацияси раҳбари Юрий Штерк.