Испания Мудофаа вазирлиги 17 октябрь куни Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрига жойлаштирилган испан ҳарбийлари ортга қайтарилиши ҳақида маълум қилди. Бу бўлинма НАТО резолюцияси асосида Афғонистон ҳукуматига ёрдам бериш учун жўнатилганди.

Бу бўлинманинг Афғонистондаги мавжудлиги 2014 йилнинг 18 декабрь кунида Конгресс депутатлари томонидан қабул қилинган қарор асосида тасдиқланганди.

Бу бўлинма шу вақтгача Ҳиротдаги ҳарбий база ва аэропортни қўриқлаш вазифаси билан шуғулланган.

Испания қуролли кучларига тегишли ҳарбий-транспорт самолётлари 27 октябргача Афғонистондан шахсий таркиб ва 2 минг тонналик ҳарбий юкни олиб чиқиб кетиши керак бўлади.

27 октябрдан кейин Афғонистоннинг Кобул шаҳридаги НАТО бошқармаси биносида 20 нафар испаниялик аскар қолдирилади.