Чемпионат.азия сайтида нашр қилинган мақолада 17 октябрь куни Жиззах шаҳрида "Насаф" ва "Бунёдкор" жамоалари ўртасида ўтказилган Ўзбекистон Кубоги финали ўйини ташкилотчилиги кескин танқидга учради.

Муаллиф Нодирхўжа Юлдашев бу йилги финал ўйини ҳам аввалги йиллардагидан қолишмаган тарзда қониқарсиз равишда ўтказилгани, ПФЛ ўз масъулиятсизлигини яна бир бор исботлагани ҳақида ёзади.

"Ўхшамаган финал ёхуд "FC Sugdiona Cup-2015" сарлавҳали ушбу мақолада финал ўйини ўтказиладиган стадион номи ўйин бўлиб ўтишига кам вақт қолганида айтилангани, ўйин ўтказиладиган сана ҳам бир марта ўзгартирилганига урғу қаратган.

Мақолада стадион ҳолати ўйин куни яхши бўлгани, лекин ташкилий масалаларга жуда масъулиятсизлик билан қаралгани айтилган.

"Аввало финал учун ПФЛ махсус гуруҳни тузиши керак эди. Бу гуруҳ вакилларини финал бўлиб ўтадиган стадион ходимлари билан учрашган ҳолда уларга махсус инструкция беришлари керак эди. Афсуски, бундай бўлмади. Агар Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби матбуот хизматида Умид Раимжонов фаолият олиб бормаганида, кечаги финал бундан-да хунук ўтказилар эди", дея ёзғиради журналист.

"Одатда ҳар бир мусобақа старт олишидан аввал тўрт нафар болакай турнир байроғини олиб чиқишадида, тиз чўккан ҳолда уни кўз - кўз қиладилар. ПФЛ мана уч йилдирки, комиссарлик вазифаларини жорий этди. Кубок финалида ким комиссар бўлганини билмадик ҳам. Болакайлар байроқни олиб чиқишдида, уни ўртага ташлаб қайтишди. Чунки ҳеч ким уларга ўргатмаганда. Олий лигада ҳам бу ишларни қилмаймиз. Кейин айтишди шекилли, бориб ушлаб туришди. Агар мусобақа финалига бирон бир хорижлик журналист келганидами...", дея давом этган у.

Шунингдек, финал иштирокчилари бўлган жамоалар учун Жиззах шаҳрида меҳмонхоналар олдиндан банд қилиб қўйилмагани, натижада жамоалар мустақил ҳаракат қилиб, "Насаф" жамоаси яхшироқ меҳмонхонага жойлашгани, "Бунёдкор" эса кичик ва ночорроқ меҳмонхонада тунаганига эътибор қаратилиб, бунга ПФЛ айбдор сифатида кўрсатилади.

Муаллифни энг кўп изтиробга солган ҳолат эса ўйин вақтида тўп узатиб туриши тайинланган болаларнинг совқотиб қолгани бўлди.

"Энг ёмони бу эмасди. Иссиқ жон. Ўйиннинг бошидан то охиригача тўп олиб берувчи болалар шортик ва майкада турганлари бўлди. У ҳам бўлса "Сўғдиёна"нинг катта ўлчамдаги футболкалари. ОЧЛ ва МТЖ иштирокидаги ўйинларда ўрганиб қолган эканмиз, болалар ОФК ва "Worldsportgroup"нинг экипировкаларида чиқишади. Улар буни ўз-ўзига бериб юбормайдилар. Битта тикиб қўйиб, бир неча йил ишлатадилар. Кеча тўп олиб берган футболчилар бундан бир неча йил ўтиб финални, ўйиндан кейин шамоллаб, оналари парвариш қилиб чиққанини эслашса керак. Икки соат совуқ ҳавода, ёмғир остида қолган бола билан тепада чой ичиб ўтирганларнинг нима иши бор?", дейилади мақолада.

Муаллиф финал ўйинига мезбонлик қилган жамоа "Сўғдиёна" клубининг матбуот хизмати бошлиғи Умид Раимжоновнинг ўйин ташкилотчилиги борасида ёлғиз ҳолда бажарган ишларини эътироф қилиб, Кубок финали ғолибига 200 миллион сўм мукофот тайинлаган ПФЛ учун бу ҳолат шармандали бир ҳолатлигини қайд этади.

"Ўйин куни эрта билан стадионга борсак, Раимжонов стадион бўйлаб бир нималарни ёпиштириб юрибди. Жуда ҳам ачинарли ҳолат, "Уят, ПФЛ!". Кубокка 200 млн сўм мукофот пули қўйгунча, шу сумманинг тўртдан бир қисмини финал учун ажратганида на "Насаф", на "Бунёдкор" хафа бўларди. Ишлатди ҳам дейлик, уни ишлата оладиган мутахассислар борми "ПФЛ"да? Энг ёмони финалдан кейин бўлди. Ёмғирда шундоқ ҳам жиққа ҳўл бўлган Раимжоновни кечаси чипталарни санаш учун олиб қолишди. Айтишларича, ПФЛ тезроқ ҳисоб-китоб қилиш кераклигини айтган...", дея ҳикоя қилади муаллиф.

ОАВГА ЯРАТИЛГАН ШАРОИТ
"Сўғдиёна" клуби ўзи билган ҳолда ўйинни ўтказишга ҳаракат қилди. Агар олий лига ўйинлари ОФК талаблари асосида ўтказилганида ҳеч қандай муаммо бўлмасди. Финал ҳам шу тартибда ўтарди. Лекин биздаги олий лига ўйинлари шунчаки қўл учида ўтказилади. Яқинда "Соккер Клуб" кўрсатуви меҳмони бўлар эканман, Ўзбекистон футболида ОАВга ҳеч қандай шароит йўқлигини айтиб ўтдим. Ҳеч йўғи бу гаплар финал учун таъсир ўтказади деб ўйлаб "чучварани хом санаган эканман". Икки йилдан бери ПФЛ вакиллари ўйинларга комиссар сифатида ташриф буюришади-ю, комиссарлик иши аслида нимадан иборат эканлигини ҳали ҳам яхши билишмайди. Стадионнинг биронта ерида бейжик намуналари йўқ. Тартибни сақлаш ҳодимларига "Бу ердан кириш ҳуқуқига эгамиз, у ердан эгамиз", - деявериб чарчадик. Уларни айблай олмаймиз. Айтилган ишни бажаришади. Лекин ПФЛнинг биронта вакили бўлмадики, мазкур иш билан шуғулланса. Уларнинг қилган иши матбуот анжуманига келиб уни ўтказиш, 2001 йилда Германиядан олиб келинган кубокни икки киши бўлиб кўтариб махсус жойга ўрнатиш ва ўйиндан кейин уни футболчиларга топшириб кетиш бўлди, холос.

Ўйин пайтида майдон атрофида кимлар бўлмади. ОФК талабига кўра, бу ерда фақат махсус аккредидацияга эга кишилар бўлиши мумкин. Булар, фотомухбирлар, мураббий, футболчи ҳамда ОФК ва ЎФФдан бириктирилган бир нафардан ходим. Кеча эса карвонсарой бўлди.

Ўйиндан аввал телевидения вакиллари ўзлари учун керакли маълумотларни ололмай хуноб бўлишди. Учрашувга чиқариб келинган "дастурча" эса деярли ҳеч нимага ярамасди. Григорий Ретвеладзе ҳам қўлидан келган ишни қилди. ПФЛдагилар аллақачон унинг бошига чиқиб олишган. Машҳур олимнинг фарзанди, ким нима деса қилаверади, бу ерда эса ўзи қолиб кетаверади. Унинг йўқлиги учун ташкилот сайтида олий лиганинг 25-тур учрашувлари якшанба кунига келиб чиқди. Ўзбекистон Кубоги финалига оид хабар эса финалдан икки кун ўтиб, душанба куни чоп этилди. Интернет асрида чет элликларга ўзимизни ўзимиз шарманда қилаётганимиз қоляпти.

Энг кулгилиси ўйиндан бир кун аввал ЎФФ вакилларидан бири “Бунёдкор” матбуот хизматига қўнғироқ қилиб, ПФЛ матбуот хизмати вакиллари учун фан клуб автобусида жой борми деб сўрагани бўлди. Жиззахга битта машина бор йўғи 200 000 сўмга Тошкент – Жиззах – Тошкент йўналиши бўйлаб 4 кишини олиб келиб, олиб бориб қўяди. Борган заҳоти битта 8000 сўмлик сомсани еб олсангиз, чойи билан нари борса 50 000 сўм бўлади. Наҳот, биргина бўлимга 250 000 сўм ажратиш қийин?", деб куюнади муаллиф.

МАРКЕТИНГ
"Бир кун аввал Жиззахда кубокни сўраганларнинг сони жуда кўп бўлди. Афсуски, уни синдириб қўйишдан чўчиган ташкилот бир кун аввал Жиззахга олиб келмади. Аслида эса ундай эмасди. Бир кун аввал ПФЛнинг бор-йўғи икки нафар ходими Жиззахга келди. Афтидан, улар кубокни кўчадаги таксида олиб юришни маъқул топишмаган. Ҳар ҳолда енгил нарса эмас.

Финал Жиззахда бўлганидан кейин бир кун аввал уни стадион яқинига махсус жойга қўйиб маҳаллий мухлисларга байрам уюштириб беришса бўларди-ку?

Финал учун титул ҳомий топиш айтарли қийин бўлмаса керак. Ваҳолангки, уни стадион тўла мухлислар, тўғридан-тўғри эфир ва ОАВларда ёритиш мумкин. Фақат бунинг учун махсус дастурни аввал тузиб, кейин уни ташкилотлар раҳбарлари билан баҳам кўриш керак. Аввалги финал ўйинлари бўлиб ўтган стадионларда электрон баннерлар бўлгани боис, икки жамоа ҳам ўзларининг иккитадан ҳомийларини қўярдилар. "Сўғдиёна"да эса бундай имконият мавжуд эмас. Бунинг учун ОЧЛ каби тахта ва баннерлардан ҳомийларни ясаш лозим. Лекин финал олдидан икки клуб учун бу ортиқча юмуш. Шунинг учун кеча финалда бор йўғи тўртта баннер турди. Улар ҳам "Сўғдиёна" бўйнига тушди. 4та баннердан биттаси финал ҳақидаги ёзув. Иккитаси ЎФФ ва ПФЛнинг белгиси, бор-йўғи биттагина баннер эса ҳомийлик мақомига эга. У ҳам бўлса ЎФФнинг тасарруфидаги "Футболни қўллаб-қувватлаш жамғармаси". Биронта ортиқча бренд кечаги ўйинда йўқ эди.

Регламентга асосан финал ғолиби учун ПФЛ томонидан 200 млн. сўм миқдорда мукофот пули берилади. Шуни катта чек қилиб чиқарган ҳолда халқ олдида жамоа сардорига топшириш ҳеч кимнинг хаёлига келмади.

Энг қизиғи, икки жамоа электрон табло учун ўзининг таништирувини қилиб келган. "Насаф" футболчилари таништирилаётганда оддий расмлардан фойдаланилди. "Бунёдкор"ники эса 3D графикадан. Битта ўйинга иккита чиқиш. Аслида буни ҳам ПФЛ қилиши керак эди. Ёки икки жамоаники бир хил бўлиши учун "Насаф" учун "Бунёдкор" ёки аксинча қилиб бериши лозим эди, "боғча", дея ўз фикрларини билдириб ўтади муаллиф.

КУБОКНИ ТОПШИРИШ САҲНАСИ
Жиззахдаги "Марказий" стадионга йиғилган мухлислар одатдаги ўйинни кўрдилар холос. Фақат икки жамоа ҳам улар учун меҳмон эди. Тақдирлаш маросими эса одатдагидек, ҳеч вақосиз бўлди. Бунга-ку, кўникиб қолдик. 2014 йил кубок финали ва жорий йилги супер кубокдан кейин ёзилган танқидлардан сўнг ўзгариш бўлишини кутгандик. 10 метр ДСП ва шунча баннер билан кичик саҳнача қуриш учун катта пул кетмайди. Кубок финали бўлган шаҳар учун унинг кичкина макетини эсдалик учун ташлаб кетишни эса аллақачон йўлга қўйишимиз керак.

Финал саҳнаси-ку қурилмади. Финал якунига етганидан кейин ҳакамлар бригадаси ва "Бунёдкор"нинг айрим ўйинчилари раҳбариятнинг кўришиб чиқиши ва финал дипломларини беришини кутдилар. Аммо кубокни топширишди-ю... Финалчилар билан суратга тушиш, учрашув рефериларига финал дипломини топшириш, мағлуб бўлган жамоа қўлини сиқиб, кейинги йил учун омад тилаш. Буларнинг барчасига кетса узоғи 3 дақиқа кетади.

Ҳаммамиз ҳам ёмғирда шалаббо бўлгандик. Ҳеч ким стадионни тарк этмаётган эди. Архивимдан атайин 2007 йилги "лой жанги"ни топдим. Ўшандаги ёмғир ва майдоннинг ҳолатини олдида кечаги вазият бошқа-бошқа эди. Лекин ЎФФ президенти суратдан қочмаган. Кеча Мираброр Усмонов финалга ташриф буюрмагани учун, ВИПда ўтиришни орзу қиладиган айрим ПФЛ вакиллари ҳам ўша ердан қўним топишди. Кубок финалининг сценарийси умуман йўқ эди. Ёдимдан кўтарилибди, учрашувга футболчилар чиқиб келишаётганида ПФЛ улар саф тортгач мамлакат мадҳияси чалинмади. Бугунгача бунақаси бўлмаган. Стадионга йиғилган минглаб мухлислар жўр бўлиб айтишни истаган мадҳиямизсиз ўйин бошланган эди. Стадионга икки соат аввал келиб, умумий ҳисобда 5 соатга яқин шаррос ёмғир остида ўтирган мухлислар учун бундан ортиқ ҳурматсизлик бўлмаса керак.

ДАРОМАДНИНГ ТАҚСИМИ - "УЯТ"
"Икки тадбиркор бир ишни бошласа, харажатларни чиқариб ташлаган ҳолда фойдани бўлишади. Бошланғич сармояни ким кўп киритган бўлса, соф фойда шунга қараб бўлинади. Кубок финалида ундай бўлмади. Фойдадан эмас, сотувдан тушган пул 70%-30% ПФЛ фойдасига бўлинди. Финал учун "Сўғдиёна" клуби ва Жиззах шаҳри ҳокимлиги ўз чўнтакларидан озми-кўпми харажат қилишди. Ўйиннинг ташкилотчилиги, баннерлар, тез ёрдам, ўйин пайти иштирок этган хавфсизлик вакилларининг пуллари, финални деб янги ётқизилган асфальт ва ҳоказо. Буларнинг бари текинга битмаган ишлар. "Сўғдиёна" клубига ажратилган 30% эса юқоридаги харажатларни уч-учига қоплади, холос. Фойдани эса ПФЛ қилди. Аслида юқоридаги харажатларни айириб ташлаган ҳолда, қолган соф фойдани бўлиш тўғри бўлармиди?
Тўғрисини айтсак, кубок финали ҳақида ҳар йили ёзавериш ёқмас экан. Бу финалда кўрганларимизнинг тенг ярми эди. Қолганини ҳам ёзиб сиз ўқувчиларнинг кўзингизни оғритиб қўймайлик. Биз эса ташкилотни ОАВ томонидан билдирилаётган фикрларга ҳеч қандай эътибор берилмаганидан кейин фойдаси йўқ экан деган хулосага келасиз. Аслида ҳам шундай экан. Шунинг учун бу бизнинг кубок финаллари ҳақидаги энг сўнгги мақоламиз бўлади.
Ҳаммамиз бир соҳада ишлаб даромад қиламиз. Тушган пулни тўлиқлигича сақламаймиз-ку, тўғрими? Еб ичамиз, кийинамиз... Футбол ҳам ҳудди шундай, стадионни кийдириб, мухлисларга "едириш" керак. Ҳамма тушган пулга фойда сифатидан қаравермасдан", деб тугалланади мақола.