Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита Тошкент шаҳридаги «Минор» масжиди гумбазидаги кўк рангли қопламаларнинг тўкилиб тушгани юзасидан текширув олиб бориши учун ишчи гуруҳ тузди. Бу ҳақда «Uz24» хабар берган.

Хабарда айтилишича, айни вақтда ишчи гуруҳ ҳодиса жойига етиб борган ва масжидда юз берган ҳолатни кўздан кечириб, етган зарарни ўрганиб чиқмоқда.

Бироз аввалроқ, ёмғирлар натижасида «Минор» масжиди гумбазидаги кўк плиткаларнинг бир қисми тўкилиб тушгани хабар қилинган эди.

Маълумот учун, ушбу масжид қурилиши 2013 йилда бошланган ва 2014 йилнинг 1 октябрь кунида фойдаланишга топширилган эди.