Самарқанд вилоятида туғилган Равшан Бобоназаров ёнига одам тўплаб, 2012-2014 йиллар давомида Самарқанд вилояти Пахтачи тумани ҳудудида жойлашган “Қорақўтон” конига ғайриқонуний кириб, бу ерда таркибида олтин моддаси бўлган руда тошини яширин равишда талон-тарож қилиб келган.

Жиноий гуруҳ давлат конидан ўғирланган руда тошларни дастлаб чекка қишлоқларда пинҳон иш юритган қўлбола тегирмонда майдалашган. Сўнгра ўзлари ясаган ювиш ускуналари орқали тилласини ажратиб олишган. Тиллаларни Тошкент шаҳри ва Бухоро шаҳрида яшовчи айрим шахсларга ноқонуний равишда ўтказиб келишган.

Тилла ўғрилари қўлга киритган бойликдан босар-тусарини билмай қолади. Туман марказидан данғиллама хонадон соҳибларига айланган жиноятчилар бу билан чекланиб қолишмайди. Қўшни Навоий шаҳридан ҳам қимматбаҳо уйлар ва қўша-қўша сўнгги русумдаги автомобилларни сотиб олади. Вазият шунчаликка бориб етгандики, маҳаллий аҳоли ўртасида “улар қайнар хумча топиб олишган”, деган гап-сўзлар тарқалади. Табиийки, йўқ жойдан мултимиллионерга айланган бу кимсалар ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг эътиборидан четда қолмади.

Р. Бобоназаров бошчилигидаги жиноий гуруҳ “Қорақўтон” конида ишловчи айрим ходимларни ҳам йўлдан урган. Улар жиноятчиларнинг конга хуфёна киришларига ёрдам бергани аниқланди.

"Ҳеч бир жиноят жазосиз қолмайди. Суд ҳукмига кўра, Р. Бобоназаров 13 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди, жиноий гуруҳнинг бошқа аъзоларига ҳам тегишли жазо тайинланди", дейилади "Тошкент" телеканалидаги “Кўзгудаги Биз” кўрсатувида.

Давлат манфаатига етказилган 2 млрд 300 млн сўмлик зарар “олтин васвасаси”га чалинган ушбу жиноий гуруҳ аъзоларидан ундириладиган бўлди.