Россиялик депутат Кремль яхши қўриқланмаслигидан нолиди

Жаҳон 19 Октябрь 2015 2965

Россия Думаси депутати Дмитрий Гудков Владимир Путинга йўллаган аризасида Кремлнинг яхши қўриқланмаслигини таъкидлаб ўтди. Бу ҳақда РБК нашри хабар бермоқда.

Мухолифатчи депутатнинг фикрича, Федерал қўриқлаш хизмати президентнинг қароргоҳини етарли даражада ишончли қўриқламайди. Унга йўлланган жавобдан эса хизмат Кремль атрофидаги инфраструктурани назорат қилмаслиги маълум бўлди.

Депутатнинг таъкидлашича, унга йил бошида ўлдирилган мухолифатчи сиёсатчи Борис Немцовнинг қизи Жаннанинг манфаатларини ҳимоя қилаётган адвокат Вадим Прохоров мурожаат қилиб, Кремль атрофидаги ҳудудлардаги назорат камераларининг қайдларини олиб беришни сўраган. Аммо йўлланган сўровга жавобан бундай назоратнинг олиб борилмаганлиги маълум қилинган. Эслатиб ўтамиз, Немцов Кремль яқинида отиб кетилган эди.

Шу асосда Гудков Кремлнинг яхши қўриқланмаётгани ҳақида хулоса қилиб, бу борада Путинга мурожаат қилган.

Гудковнинг таъкидлашича, бу масала тўғридан-тўғри президентнинг хавфсизлигига боғлиқ бўлгани учун мурожаат айнан президентнинг ўзига амалга оширилган.

Кўпроқ янгиликлар