Москванинг Красногорск туманида 4 кишини ўлдирганликда айбланаётган тадбиркор Амиран Георгадзенинг ҳайдовчиси полицияга таслим бўлди. Бу ҳақда РФ тергов қўмитаси вакили Владимир Маркинга таянган ҳолда ТАСС агентлиги хабар бермоқда.

“Ҳайдовчининг адвокати ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга қўнғироқ қилиб, Шота Элизбарашвили ўз ихтиёрига билан тергов органларига келмоқчи эканлигини айтди. Ҳозир у билан терговчилар ишламоқда”, - маълум қилди Маркин.

19 октябрь куни Георгадзе Красногорск тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Юрий Карауловни ва “Красногорск электрик тармоғи” раҳбари Георгий Котляренкони отиб ташлади. Қотиллик Карауловнинг кабинетида содир этилди. Шундан сўнг бизнесмен ва унинг кабинетга қурол солинган сумкани олиб кирган ҳайдовчиси воқеа жойидан яширинишган. Йўлда Георгадзе йўлида учраган маҳаллий аҳоли вакилини отиб ташлаган. Кейинроқ унинг шаҳар четидаги уйида бизнес ҳамкори Трестан Закаидзенинг жасади топилди.