400 нафарга яқин жанубий кореяликлар КХДРда қариндошлари билан учрашмоқда

Жаҳон 20 Октябрь 2015 2062

400 нафарга яқин кекса ёшдаги жанубий кореяликлар 20 октябрь куни КХДРдаги қариндошлари билан учрашишга отланди, дея хабар қилди KBS телеканали.
Улар учун 33та автобус ва ўзини нохуш ҳис этганлар учун 3 дона тез тиббий ёрдам машинаси сафарбар этилди. KBS телеканали маълумотларига кўра, Жанубий Корея делегацияси таркибига кузатиб борувчи шахслар ва шифокорлар билан жами 536 киши кирган.
Ушбу сафар иштирокчилари уч кун давомида КХРДдаги “Олмос тоғлари” (Кимгансан) ҳудудида шимоллик қариндошлари билан учрашади. Рёнҳап агентлиги тақдим этган маълумотга кўра, Шимолий Корея томонидан уларнинг тирик қолган 140 нафар яқинлари келиши кутилмоқда.
Иштирокчилар орасида Корея Республикасининг 96 ёшли фуқароси Ким Нам Гю ҳам бўлиб, у ўзининг 83 ёшли укаси Ким Нам Дон билан учрашади.
Мазкур учрашувни ташкил этиш тўғрисидаги келишувга 2015 йил август ойида қуролсизлантирилган ҳудудда содир бўлган можароли вазиятни юмшатиш борасида олиб борилган музокаралар давомида эришилган эди.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда 68 минг нафардан зиёд жанубий кореяликларнинг КХДРда қариндошлари қолиб кетган. Уларнинг аксарияти қариндошларини 1953 йили 38- параллел шимолида қолган яқинларини бирор марта ҳам кўрмаган. 2014 йилги учрашув иштирокчилари эса тасодифий лоторея ўйини орқали танланган.
Шу вақтга қадар эса икки корейс давлати 4491 оиланинг 22547 нафар аъзоси ўртасида учрашувларини ташкил этишга муваффақ бўлган. Улар учрашувини ташкил этиш учун Шимолий Кореянинг қуролсизлантирилган ҳудуддан унча узоқ бўлмаган Кимгансан тоғида Жанубий Корея ёрдамида махсус меҳмонхона комплекси бунёд этилган.

Кўпроқ янгиликлар